Ўзбекистонда коронавирусга боғлиқ аниқ рақамлар яшириляптими? Расмийлар жавоб берди
Жамият
−
15 Сентябрь 2020
13004Ўзбекистонда коронавирус билан оғриган беморлар 48 мингдан ошди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар мамлакатда коронавирус билан боғлиқ статистикани камайтириб кўрсатаётгани ростми? Ушбу саволга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков жавоб берди.
“Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллигига ўтказилган таҳлиллардан тортиб, ҳар куни қайд этилаётган беморлар, уларнинг ёши, яшаш манзили ва қайси аҳоли қатлами ўртасида аниқланаётгани ҳақидаги маълумотлар кундалик таҳлил қилиняпти ва аҳолига етказиляпти. Юқумли касалликлар шу жиҳати билан ҳам фарқ қиладики, бунда рақамларни яшириш ўзини оқламайди. Шунинг учун ҳам халқимизда чиройли бир гап бор: касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади.
Бу касаллик шу даражада юқумли эканини била туриб, статистик маълумотларни яширишга уриниш – бу катта хато. Мутахассислар буни яхши билади. Шунинг учун расман айтилаётган рақамлар – бу ҳақиқат”, дейди Отабеков.
Ўзбекистон бош давлат санитария инспекторининг таъкидлашича, Ўзбекистонда беморларнинг сони қўшни мамлакатларга қараганда кўплиги ҳам рақамлар очиқ-ойдин айтилаётганидан далолат беради.
“Бошқа давлатлар билан солиштириб кўришингиз ҳам мумкин. Ўзбекистонда, айниқса, қўшниларга нисбатан касалланиш кўрсаткичининг юқори экани, бизда статистик рақамларни яширишга уринишнинг йўқлигини кўрсатадиган ҳол”, дейди Нурмат Отабеков
Айни вақтда Ўзбекистоннинг яқин қўшниларида коронавирус билан боғлиқ вазият қуйидагича:
Қозоғистон:
Касалланганлар – 106 920 нафар;
Соғайганлар – 100 836 нафар;
Қурбонлар – 1 634 нафар.
Қирғизистон:
Касалланганлар – 44 999 нафар;
Соғайганлар – 41 103 нафар;
Қурбонлар – 1 063 нафар.
Тожикистон:
Касалланганлар – 9 088 нафар;
Соғайганлар – 7 853 нафар;
Қурбонлар – 72 нафар.
Афғонистон:
Касалланганлар – 38 815 нафар;
Соғайганлар – 32 098 нафар;
Қурбонлар – 1 426 нафар.
Туркманистон эса ҳамон коронавирус билан боғлиқ ҳолат мамлакатда аниқланмаганини иддао қилиб келмоқда.
Ўзбекистонда эса коронавирусга чалинганлар 48 192 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 44526 нафари ёки 92 фоизи соғайган. Ушбу касалликдан вафот этганлар эса 400 нафарга етди. Айни вақтда мамлакатдаги шифохоналарда 3 266 нафар беморнинг даволаниши давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда Нурмат Отабеков Ўзбекистон қайси ҳолатда кучайтирилган карантинга қайтишига аниқлик киритганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь