Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони кескин ортди
Жамият
−
25 Апрель 2020
17985Фарғона, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида бир йўла 50 нафар бемор коронавирус касаллигидан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 25 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Таъкидланишича, Фарғона вилоятида соғайганларнинг 19 нафари чартер рейс орқали Туркиядан, 1 нафари Мисрдан ва яна 1 нафари Прага шаҳридан Фарғонага келишган бўлиб, карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, улар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Бир нафар фарғоналик бемор коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтирган. Улардан 9 нафари Тошкент шаҳридан, 5 нафари Қашқадарё вилоятидан, 2 нафари Тошкент вилоятидан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Андижон, Фарғона ва Сирдарё вилоятларидан 1 нафардан. Беморларнинг 10 нафари эркак, 12 нафари аёллар бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 49 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 16 ёшда.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистонда соғайганларнинг 1 нафари Фарғона вилоятидан, 9 нафари Қорақалпоғистондан (7 нафари Нукус шаҳридан бўлса, Қўнғирот ва Кегейли туманидан 1 нафардан) бўлиб, барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олишган. Беморларнинг 3 нафари эркак, 7 нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 42 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 12 ёшда. Самарали даволаш муолажалари туфайли бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатган.
Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида соғайганлардан 1 нафари (4 ёшли бола) Тошкент шаҳридан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Яна 1 нафари (40 ёшли эркак) Бухоро вилоятидан бўлиб, Россиядан чартер рейсда келган. Ушбу клиникада шу пайтга қадар 68 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 70 нафарга етди.
Шунингдек, Хоразм вилоятида соғайганларнинг 15 нафари жорий йил 22 март куни Россиядан чартер рейс билан келишган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Қолган 1 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Улардан 15 нафари эркак, 1 нафари аёлдир. Беморлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятидан 3 нафардан, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 2 нафардан, Наманган, Бухоро, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 22 ёшда.
Шундай қилиб, бугун айни пайтга қадар 86 нафар бемор тузалиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 707 нафарни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача 1836 кишида коронавирус аниқланди. Бугунгача беморларнинг 8 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси