Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар 1700 нафардан ошди
Жамият
−
08 Май 2020
9465Бухоро ва Хоразм вилоятида 32 нафар бемор коронавирус касаллигидан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 7 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
“Бухоро вилоятида 32 нафар, Хоразм вилоятида эса 1 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди“, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Бухорода шифо топганларнинг 21 нафари Россиядан чартер рейс билан, яна 1 нафари эса Қирғизистон Республикасидан Бухорога келишган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Қолган 10 нафари эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган.
Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, тузалганларнинг 10 нафари Бухородан, 6 нафари Қашқадарёдан, 4 нафардан Наманган ва Тошкент вилоятларидан, 2 нафари Фарғонадан, 1 нафардан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қирғизистон Республикасидан. Уларнинг 22 нафари эркак, 10 нафари аёллар бўлиб, энг ёши каттаси 78 ёшли онахон бўлса, энг ёши кичиги 16 ёшда. Вилоятда шу пайтга қадар 372 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 404 нафарга етди.
Хоразмда соғайган 1 нафар эркак бемор 49 ёшда бўлиб, Фарғона вилоятидан. У Қозоғистон Республикасидан келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Эндиликда вилоятда соғайганлар сони 168 нафарга етди.
Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар 1721 нафарни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозирда вирус юқтирганлар 2314 нафарни ташкил қиляпти. Бугунгача беморларнинг 10 нафари вафот этган.
LiveБарчаси