Ўзбекистонда коронавирус юқтирган 4 кишининг аҳволи оғир
Жамият
−
03 Апрель 2020
11950Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди. Уларнинг 4 нафари оғир аҳволда қоляпти. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.
“Мамлакатимизда 3 апрель соат 9:00 ҳолатида коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 221 нафарни ташкил этди. Ҳозиргина Вирусология илмий-текшириш институти раҳбарияти билан бўлган суҳбатда аниқландики, беморларнинг 17 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғирроқ, деб баҳоланмоқда”, деди Отабеков.
У кузатувларга кўра, бир одамдан 400 дан ортиқ одамга касаллик юқиши мумкин эканлиги аниқланганини қўшимча қилди
“Тасаввур қилинг: мана шу 221 бемор вақтида алоҳидаланмаганда, одамлар орасида қолганида қандай вазият юзага келиши мумкин эди. Эҳтиёт бўлинг, онгли равишда йўл тутинг!”, дея огоҳлантирди Нурмат Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг 25 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси