Ўзбекистонда коронавирус беморлари сони бўрттириб кўрсатиляптими?

Жамият

image

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар сони сезиларли ортиб боряпти. Буни ҳатто Ўзбекистон Президенти ҳам айтиб ўтди. Шундай ҳолатда аҳоли орасида одамлар карантин қоидаларига амал қилишлари учун уларни қўрқитиб, рақамлар ошириб кўрсатилаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқаляпти. 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков шундай фикрларга жавоб берди.

“Рақамларни бўрттириб кўрсатиш ёки уларни каттароқ рақам қилиб кўрсатиш — ҳеч қачон Ўзбекистондаги соҳа вакилларининг мақсади бўлган эмас. Энг асосийси, бизда касалликни яширишга уриниш йўқ.

Лаборатория текшируви натижасида аниқланган ҳар бир шахс қайси ҳудуддан экани, қайси аҳоли қатламига мансуб экани, у карантин ҳудудида ё хориждан келан фуқаролар орасида қайд этилаётгани тўғрисида тўлиқ ахборотни бир кунда 2 маротаба телевидение орқали оммагаетказяпмиз.

Асосий мақсадимиз — уларни хавотирга солиш эмас, уларни хушёрликка чақириш. Касаллик қўзғатувчилари атрофимизда борлигини, ҳар бир эҳтиётсизлик касалликни юқтириб олиш эҳтимолини юзага келтириши мумкинлигини биз қайта-қайта эслатяпмиз.

Дунё статистикасига аҳамият беринг: бир кунда, масалан бугун (15 июнь) жаҳон миқёсида 123 мингта бемор қайд этилди, кеча 140 минг бемор аниқланган.

Албатта, дунё ҳамжамиятидаги рақамларнинг олдида Ўзбекистонда кўрсаткичлар бирмунча паст. Буларнинг барчаси — биз, сизлар билан биргаликда олиб бораётган тарғибот-тушунтириш ишларимиз, қолаверса, шу ишга жалб қилинган соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижаси.

Асосий мақсад эпидемик вазиятни жиловлашга қаратилган. Биз касаллик кенг кўламда аҳолига тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича ҳамма ишларни қиляпмиз. Аҳолига тўғри маълумотни ўз вақтида етказишга ҳаракат қиляпмиз”, деди Отабеков.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кеча, 16 июнь куни 230 та, 15 июнь куни 183 та, 14 июнь куни 114 та коронавирус билан касалланиш ҳолати қайд этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

649

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг