Ўзбекистонда коронавирус ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш бошланди
Маданият-санъат
−
13 Август 2020
6071Ўзбекистонда янги турдаги коронавирус COVID-19 пандемияси сабаб вужудга келган вазият, касалликнинг авж олиши, даволаниши, беморларнинг ҳолати, бошдан ўтказган кечинмалари, шифокорларнинг машаққатли меҳнатини ўзида акс эттирувчи ҳужжатли фильм суратга олинмоқда. Бу ҳақда “Ўзбеккино” МА Матбуот хизмати хабар берди.
“Синовли кунлар” деб номланган фильм Агентлик буюртмасига биноан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК томонидан суратга олинмоқда.
“Ушбу фильмда республикамизга коронавирус инфекциясининг кириб келиши, тарқалиши ва унга қарши курашиш жараёнларида Давлат раҳбари ҳамда халқнинг ҳамжиҳатликдаги кураши, миллий қаҳрамонларимизга айланган шифокорлар, ҳарбийлар, шунингдек, шундай синовли кунларда ёрдамга тайёр турган халқ вакиллари, қийинчилик кунларда бир-бирига мурувват кўрсатганлар ҳақида ҳикоя қилинади”, дейилади хабарда.
Фильмни суратга олиш ишлари Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Андижон вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Фильм режиссёри ва сценарий муаллифи Дониёр Шокиров, оператор Саид Далилхон Саид Турғутхонов.
Фильм қачон тайёр бўлиши ва унинг бюджети ҳақида аниқ маълумот берилмаган.