Ўзбекистонда картошка, пиёз, сабзи, гуруч захираси ҳажми тасдиқланди
Жамият
−
16 Октябрь 2020
9886Кеча, 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2021 йил қиш-баҳор мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2020-2021 йилги қиш-баҳор мавсумига асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғаришнинг умумий прогноз ҳажмлари тасдиқланди.
Унга кўра, 4 та асосий турдаги (картошка, пиёз, сабзи, гуруч) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг республика бўйича жами захира ҳажми 795 минг тонна этиб белгиланди.
Шунингдек, ушбу маҳсулотларни арзон нархларда захирага жамғариш учун маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, тайёрлов ташкилотлари ва ижтимоий соҳа муассасалари ўртасида истисно тариқасида тўғридан-тўғри контрактация шартномалари тузилади.
Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январга қадар захирага жамғарилган маҳсулотларни ички истеъмол бозорига етказиб бериш жадваллари ишлаб чиқилади.
Маҳсулотларни захирага жамғаришда тадбиркорларнинг зарар кўришини ва нархлар ошиб кетишини олдини олиш мақсадида қуйидагилар жорий этилади:
• асосий турдаги маҳсулотларни ташишда йўл-транспорт ҳодисаси ёки электр узилиши сабабли маҳсулот нобуд бўлиши оқибатидаги зарарни суғурта қилиш орқали ушбу зарар қопланади;
• захирага жамғарилган маҳсулотларни аҳолига сотиш учун бозор ва савдо комплексларида, истисно тариқасида, беғараз асосда алоҳида раста ва сотув анжомлари вақтинча фойдаланиш учун ажратилади, ушбу корхоналарга тегишли юк машиналари бозор автотураргоҳига кириб чиқиши учун тўлов ундирилмайди.