Ўзбекистонда камбағаллик даражасини ўлчашда янгича усул ишлаб чиқилди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги асосий муаммо ва тўсиқларни аниқлаш ҳамда камбағалликка қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилаб олиш мақсадида 2021-2030 йилларда камбағалликни қисқартириш бўйича миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқди.

Стратегияда мамлакатда камбағаллик даражаси ва уни ўлчаш ҳамда бу борадаги муаммо ва тўсиқлар ҳақида гап боради.

Жумладан, айни пайтда мамлакатда амалда бўлган камбағалликни жон бошига кунлик истеъмол қилиниши лозим бўлган калориялар қийматига асосланган ҳолда ўлчаш услуби – озиқ-овқат камбағаллиги даражасининг ўлчови бўлиб, бу услуб одатда даромад даражаси ўртача кўрсаткичнинг қуйи қисмида бўлган мамлакатлар учун қўлланилмаслиги таъкидланади.

Шу сабабли эндиликда ундан сиёсатни шакллантириш жараёнидаги восита сифатида фойдаланиш мумкин эмаслиги, бундан ташқари, маълумотлар тўплаш ва камбағаллик даражасини ўлчашнинг амалдаги методологияси халқаро даражада таққослаш ўтказиш имконини бермаётганлиги айтилади.

Вазирликнинг маълум қилишича, айни пайтда мамлакатга қуйидаги имкониятларни яратадиган янги ёндашувлар синовдан ўтказилмоқда:

•    ўта камбағаллик даражасини халқаро даражада қабул қилинган камбағаллик чегараси (кунига 1,90 АҚШ долларидан камроқ маблағ ҳисобига кун кечирадиган аҳоли улуши) асосида ҳисоблаш ҳамда камбағаллик даражасини даромад даражаси ўртача кўрсаткичнинг қуйи қисмида бўлган мамлакатлар учун белгиланган 3,20 АҚШ долларига тенг бўлган халқаро камбағаллик чегараси даражаси асосида ҳисоблаш;
•    камбағалликнинг турли жиҳатларини акс эттириш мақсадида, соғлиқни сақлаш, таълим ва уй хўжаликларининг даромад ёки харажатлари кесимидаги кўрсаткичларни бирлаштирган кўп ўлчамли камбағаллик индексини ишлаб чиқиш;
•    миллий камбағаллик даражасини мамлакат учун минимал турмуш даражасининг янги қабул қилинган ўлчовидан фойдаланган ҳолда ҳисоблаш.

2020 йилда ҳукумат томонидан киритилган қатъий карантин чораларидан сўнг барча хўжалик юритувчи субъектларнинг ярми пандемиянинг дастлабки босқичида ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатди. 2020 йил январь ойида ЯИМ прогноз қилинган
5,7 фоиздан 1,6 фоизга тушиб кетди; ташқи савдо, инвестициялар ва пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада камайди. Буларнинг бари иқтисодиётга ва, айниқса, аҳолининг камбағал қатламига салбий таъсир кўрсатди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромаднинг ўсиши барқарор бўлиб қолгани билан, ҳисоб-китобларга кўра, аҳолининг 1,3 фоизи (ёки 448 минг нафар инсон) инқироз туфайли камбағаллик домига тушди. 

Расмий статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашда сезиларли ютуқларга эришилди. Хусусан камбағаллик даражаси 2000 йилдан бери икки баробарга камайиб, 2000 йилдаги 28 фоиздан 2019 йилда 11 фоизга тушди. Шу билан бирга, ҳудудий тенгсизлик сақланиб қолмоқда ва ҳатто йилдан-йилга ошиб бормоқда. Жаҳон банки томонидан қабул қилинган чегара (Даромад даражаси ўртача кесимнинг қуйи қисмида бўлган давлатлар учун харид қобилияти паритети жон бошига бир кунда 3,2 АҚШ долларини ташкил этади) асосида баҳоланганда, 2018 йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 9,5 фоизни ташкил этган. Бу ҳисоб-китоблар “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳаси доирасида олинган тадқиқот натижаларига кўра ўзини “камбағал”, деб ҳисоблайдиган уй хўжаликларининг ўз-ўзини субъектив таснифлаш кўрсаткичларига мос келади.


Мақола муаллифи

Теглар

камбағаллик

Баҳолаганлар

210

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг