Ҳар йили 50 та маҳалла камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилади
Жамият
−
14 Август
2715Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 14 август куни камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда ушбу икки соҳани мутаносиб ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Билдирилишича, таҳлиллардан келиб чиқиб, камбағалликни аниқлаш мезонлари ва манзилли рўйхати шакллантирилади. Жумладан, унга “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги ҳамда камбағалликка тушиш хавфи юқори бўлганлар киритилади. Бундай оилалар “маҳалла еттилиги” ва фаоллари томонидан овоз бериш йўли билан тасдиқланади. Камбағалликдан чиқаришга қаратилган барча ижтимоий хизмат ва ёрдамлар “Инсон” марказлари томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, камбағаллик омилларини ўрганиш учун ижтимоий ҳимоя ва бандлик масалаларида 8 та йўналишда ягона саволнома ишлаб чиқилади. Шу асосида оилаларнинг имкониятлари баҳоланиб, 3 та тоифага ажратилади. Ҳар бир оилага индивидуал ёндашилиб, “оёққа туриши”га кўмаклашилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва ҳокимликлар томонидан ҳар йили 50 та маҳалла танлаб олиниб, улар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириб борилади.
“Охирги йилларда тўпланган тажриба ва одамларнинг эҳтиёжидан хулоса қилиб, камбағалликни қисқартиришни янги босқичга олиб чиқиш керак. Эҳтиёжманд инсонларнинг хоҳиши ва имкониятини қўллаб-қувватлаб, ҳаётга, жамиятга олиб кириш зарур. Умуман, ҳар қандай ижтимоий ёрдам пировардида бандликка боғланиши шарт”, деган Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар ижроси бўйича 3 босқичда – маҳалла ва туман, вилоят ҳамда республика даражасида мониторинг ташкил қилинади. Бу борада жамоатчилик назорати кучайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда камбағаллик чегарасини аниқлаш учун фойдаланиладиган минимал истеъмол харажатлари миқдори оширилгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15