Ўзбекистонда ички ишлар органларига янги ваколат берилди
Жамият
−
10 Август 2023
45341Ўзбекистонда ички ишлар органларига наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи берилди. Тегишли қонун кеча, 9 август куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан маъқулланди.
Ҳужжатда наркологик касалликлардан азият чекувчи шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни нафақат наркология муассасалари, оила аъзоларининг (қариндошларининг) илтимосларига асосан, балки ички ишлар органларининг ташаббусига кўра ҳам расмийлаштириш зарурати юзага келгани қайд этилган.
Маълум қилинишича, мазкур тартиб наркологик касалликларга чалинган шахслар томонидан фуқаролар хавфсизлиги ва соғлиғига таҳдид қилиниши, жамоат тартиби бузилиши, ҳуқуқбузарликлар содир этилиши ҳолатларининг олдини олиш мақсадида жорий этилмоқда.
Шунинингдек, янги қонун доирасида клиник текширувларни наркология диспансерлари билан бир қаторда тегишли мутахассислар мавжуд бўлган бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам ўтказишга рухсат берилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июнь куни “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун Олий Мажлис сенатида маъқулланган эди.
LiveБарчаси