Ички ишлар органларига янги ваколат берилади
Жамият
−
22 Июнь 2023
32486Ички ишлар органларига наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни расмийлаштириш ваколати берилмоқда. Бу ҳақда бугун, 22 июнь куни Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида маълум қилинди.
Мажлисда “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, бугунги кунда наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни нафақат наркология муассасаларининг, оила аъзоларининг (қариндошларининг) илтимосномаларига асосан, балки ички ишлар органларининг ташаббусига кўра ҳам расмийлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Шу муносабат билан мазкур Қонунга ички ишлар органларига наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни расмийлаштириш ваколати берилишини, шунингдек, мазкур материалларни тайёрлаш тартиби белгиланишини назарда тутувчи тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Шунингдек, фуқароларнинг наркологик текширувдан ўтказилишини, маслаҳат берилишини, ташхис қўйилишини, наркологик касалликларга чалинган шахсларнинг амбулатория ва стационар шароитларда даволанишини ҳамда тиббий-ижтимоий реабилитация қилинишини давлат кафолатлаши белгилаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари, наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволаш заруриятини аниқлаш билан боғлиқ барча клиник текширувлар наркология диспансерининг ўзида, зарур ҳолларда эса тегишли мутахассислар мавжуд бўлган бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам ўтказилиши ҳақидаги норма киритилмоқда.