Ўзбекистонда электрон сигареталар бутунлай тақиқланади
Жамият
−
30 Апрель
4505Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати мамлакатда электрон сигареталар бутунлай тақиқланишини маъқуллади. Бугун, 30 апрель куни Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда аҳоли ўртасида, айниқса болалар ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шу жумладан тамаки маҳсулотлари тарқатилишининг ва истеъмол қилинишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, сўнгги йилларда тамаки маҳсулотларининг янги турларини, хусусан, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда мамлакатга олиб кириш ҳамда муомалага киритиш ҳоллари кўпаймоқда.
Шу муносабат билан, тамаки маҳсулотларининг, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларининг, шу жумладан электрон сигареталарнинг ва улар учун суюқликларнинг муомаласини мамлакат ҳудудида тақиқлаш, уларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, шунингдек, тамакини қиздириш тизимларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш учун жавобгарлик белгилаш зарурати юзага келмоқда.
Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотларини, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталарни ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, олиб кириш ва олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу қонун нафақат айбдор шахсларни жазолашга қаратилгани билан, балки содир этган ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида ўз ихтиёри билан ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган шахсларни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутиши билан ҳам аҳамиятли экани қайд этилди.
Сенаторлар томонидан қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга, миллат генофондини сақлашга ҳамда атроф муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилиши таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили апрель ойида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қонунчиликка электрон сигареталар олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни тақиқлашни ўз ичига олган ўзгартиришларни маъқуллаганди. Қозоғистонда электрон сигареталарни олиб кириш, уларни сотиш ва турли тамаки маҳсулотларни реклама қилишни тақиқловчи қонун июнь ойида кучга кирди.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров эса ўтган йил ноябрь ойида тамаки маҳсулотлари ва никотин моддаларининг зарарли таъсиридан аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтиришга қаратилган қонунни имзолади. Қонун 2025 йил 1 июлдан бошлаб кучга киради.
Худди шундай қонун Ўзбекистонда жорий йил январь ойида Олий Мажлис муҳокамасига киритилган ва 24 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси электрон сигареталарни бутунлай тақиқлашни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилган.
LiveБарчаси