Ўзбекистонда электрон сигареталар тақиқланиши мумкин
Жамият
−
24 Январь
684Бугун, 24 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида электрон сигареталарни бутунлай тақиқлашни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мажлисда айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилган.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасида никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан электрон сигареталар ва улар учун суюқликларнинг муомаласи (ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, олиб чиқиш) тақиқланмоқда.
Бундан ташқари, айланмаси тақиқланган чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Билдирилишича, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан депутатлар берган таклифлар асосида ундаги нормалар такомиллаштирилган ва лойиҳа матни маромига етказилган.
“Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини янада ҳимоя қилиш, миллат генофондини сақлаш, атроф-муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилади. Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда айрим турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг, шу жумладан, электрон сигареталарни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, ўтказиш мақсадида уларни сақлаш, ташиш ёки ўтказиш тақиқланиши мумкинлиги хабар қилинганди.
LiveБарчаси