Ўзбекистонда дам олиш ерларида қурилишни тақиқловчи қонун лойиҳаси қабул қилинди

Жамият

image

Кеча, 7 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида аҳолининг дам олиш ерларида қурилишларни тақиқловчи қонун лойиҳаси қабул қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мажлисда аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилган.

Қонун лойиҳасида давлат мулки ҳисобланган ҳамда аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни ёки уларнинг бир қисмини хусусийлаштириш ёхуд бошқача тарзда бегоналаштириш, ушбу ерларда бинолар ва иншоотларни қуриш (бундан енгил турдаги объектлар мустасно) ёки мавжуд бинолар ва иншоотларнинг қурилиш майдонларини кенгайтириш, шунингдек бу ерларнинг ҳудудини қисқартириш тақиқланмоқда. Мажлисда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул қўмита томонидан бир қатор йиғилишлар, семинарлар ўтказилгани, уларда депутатлар берган барча таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, асосли деб топилганлари лойиҳа матнида акс этгани ва ҳужжат ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилган ҳолда, маромига етказилгани қайд этилган.

Депутатларга кўра, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилишини “яшил”, кўкаламзор зоналарни муҳофаза қилиш, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариш масканлари муҳофазасини кучайтириш, экология ва атроф-муҳитни яхшиланишига хизмат қилади. Шу тариқа мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганди. Хусусан, ўз ҳудудида биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш чоғида белгиланган талабларни бузиб, кимёвий, биологик воситаларни қўллаган ҳолда дарахтларни, буталарни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантирганлик, пайҳон қилганлик ёки йўқ қилганлик учун жавобгарлик белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

қурилиш дам олиш ерлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг