Ўзбекистонда COVID-19 юқтирганлар билан алоқада бўлмаган қиз коронавирусга чалинди
Жамият
−
24 Март 2020
26836Ўзбекистонда чет элда бўлиб қайтмаган, чет элда бўлиб қайтган шахслар билан контактда бўлмаган шахсда ҳам коронавирус аниқланган. Бу ҳақда Давлат Бош санитария врачи Баҳром Алматов брифинг вақтида маълум қилди.
“20 ёшли қизда шундай ҳолат аниқланган. У хорижга чиқмаган, беморлар билан контактда бўлмаган. Бироқ у ўзи хоҳлаган ва хоҳламаган, билиб-билмаган тарзда жамоат транспортида, иш жараёнида умумий фойдаланадиган буюмлардан фойдаланган бўлиши ва шу орқали касалликни юқтириб олган бўлиши мумкин”, деди Баҳром Алматов.
Бош санитария врачининг таъкидлашича, беморнинг оиласидагиларни ҳам текширувдан ўтказилган, улар соғлом.
“Бу ҳолат ҳаммамизни ҳушёрликка чақиради”, дейди Алматов.
Аввалроқ, коронавирусга чалинган беморларнин 5 нафарида касаллик аломатлари йўқолгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 49 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor