Ўзбекистонда бензин ва озиқ-овқат нархлари ошди
Local
−
18:38 1684 2 minutes
Жорий йилнинг август ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,2 фоизга ошди, йиллик истеъмол нархлари индекси эса 6,2 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, йиллик ИНИ 2025 йил август ойидаги 8,8 фоизга нисбатан 2,6 фоиз бандга пасайган. Август ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0,4 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,2 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар нархи эса 0,1 фоизга қимматлашган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида сабзи нархи 9,2 фоиз, пиёз 6,2 фоиз, узун бошоқли гуруч 2,4 фоиз, юмалоқ бошоқли гуруч 2,3 фоиз, тарвуз эса 7,5 фоизга ошган. Бу маҳсулотлар нархининг кўтарилиши инфляцияга таъсир кўрсатган.
Шу билан бирга, айрим маҳсулотлар нархининг пасайиши инфляцияни жиловлашга хизмат қилган. Жумладан, узум нархи 10,9 фоиз, булғор қалампири 9,2 фоиз, олма 7,2 фоиз, нок 6 фоиз, бақлажон 5,5 фоиз, карам 4,9 фоиз, картошка 3,3 фоизга арзонлаган
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари орасида эса AI-98 ва AI-100 маркали бензин 6,7 фоиз, AI-95 бензини 4,9 фоиз, AI-92 бензини нархи 1,1 фоизга ошган.
Хизматлар ва тарифлар соҳасида халқаро авиақатновлар нархи 1,7 фоиз, шаҳарлараро автомобиль транспортида йўловчи ташиш 0,6 фоиз, ижарага олинган турар жойлар учун ҳақ 0,4 фоизга қимматлашган.
Миллий статистика қўмитаси ҳисоб-китоблари учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан 2 млндан ортиқ нархлар қайд этилган. Кузатувлар 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 98 турдаги хизматлар нархларини қамраб олган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг ноябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,7 фоизга ошгани ҳақида хабар эди.
Live
All