Ўзбекистонда 9 ойда 107 мингдан ортиқ ҳимоя ордери берилди

Жамият

−

image

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида зўравонликдан жабрланганларга 107 минг 167 та ҳимоя ордери расмийлаштирилиб, минглаб аёл ва болаларга ижтимоий, психологик ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида 58 431 та сўровнома ўтказилган ва кундузги қатнов асосида 43 449 та хизмат кўрсатилган.

Бирламчи кўмак хоналарида 5 995 нафар аёл ва 2 842 нафар бола ёрдам олган. Ҳудудий реабилитация марказларида эса жами 13 779 та хизмат кўрсатилган. Ушбу хизматларнинг 5 943 таси психологик, 4 644 таси ҳуқуқий ва 3 192 таси ижтимоий ёрдамдан иборат бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 4 йилда 14 ёшга тўлмаган болаларнинг номусига тегиш бўйича 445 та иш қўзғатилгани маълум бўлган эди. Хусусан, 14 ёшга тўлмаган шахсларнинг номусига тегиш бўйича 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та, 2025 йилда 123 та жиноят иши қўзғатилган.

Педофилларга умрбод қамоқ

Намангандаги фожиа ортидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ва Болалар омбудсмани болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш таклифини илгари сурди. Кейинроқ Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ва иккинчи ўқишда маъқуллади. Кейинроқ қонун Олий Мажлис Сенати томонидан ҳам кўриб чиқилди ва маъқулланди. Унга кўра, Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланмаоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг