Совуқ кунларга тайёрланган Ўзбекистонда 500 мингдан ортиқ одам электрдан узилиб қолди
Жамият
−
22 Январь 2021
8156Кеча бошланган ва айни пайтда давом этиши кузатилаётган кучли шамол, қор бўрони оқибатида ҳаво электр тармоқлари ҳамда трасформатор пунктларига етказилган шикаст натижасида 550 100 истеъмолчи электр энергиясисиз қолган. Бу ҳақда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов маълум қилди.
Маълумотларга кўра, республика бўйича, 110 кВ кучланишли 7 дона ҳаво линияларида ва 6-10 кВ кучланишли 476 дона ҳаво линияларида узилишлар вужудга келган. Тезкор маълумотларга кўра, электр энергиясидаги узилишлар натижасида 550.100 истеъмолчилар электр энергиясисиз қолган.
Тармоқларда содир бўладиган авариявий ўчишларни тезкор бартараф этиш мақсадида аввалдан ҳудудларда жами 481 та тезкор авариявий чиқиш бригадалари, уларга 378 та махсус авариявий чиқиш машиналари, махсус техникалар ҳамда раҳбар ходимлардан иборат навбатчилик ташкил этилган бўлиб, содир бўлган авариявий ҳолатлар туну-кун ташкил этилган навбатчи бригадалар томонидан техника хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиб, барча авариявий ўчган 110-35 кВ кучланишли тармоқлар ҳамда 247 дона 6-10 кВ кучланишли линиялар тармоққа қайта уланди.
Айни вақтда истеъмолчиларни босқичма-босқич тармоққа қайта улаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, электр энергиясиз қолган 350.200 дан ортиқ ёки деярли 60 фоизи қайта тармоққа уланиши таъминланди.
Ҳозирда республика бўйича 6-10 кВ кучланишли 229 дона ҳаво линияларда узилишлар мавжуд бўлиб, ушбу вужудга келган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг тизим корхоналари ходимлари томонидан туну кун таъмирлаш-тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.
Авариявий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ҳудудий корхоналарда 395 дона тармоқ трансформаторлар, 191,8 тонна трансформатор мойи, 947 дона таянчлар, 53,9 тонна турли ўлчамдаги сим, 41,5 километр кабель маҳсулотлари ҳамда 638 дона кабель муфталаридан иборат захира яратилди. Мазкур тезкор бригадалар алоқа воситалари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган.
“Ўзгидромет” маълумотига кўра, бундай ноқулай об-ҳаво шароити айрим ҳудудларда бугун ҳам давом этиши мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ аҳолини электр энергиясида вужудга келиши мумкин бўлган узилишлардан огоҳлантирган.
Қайд этиш керакки, Энергетика вазири Алишер Султонов бир неча кун аввал мамлакатга совуқ ҳаво оқими яқинлашаётганидан хабардор эканини, масъул ташкилотлар бунга тайёргарлик кўраётганини айтганди.
Аввалроқ, пойтахт Тошкентнинг қатор туманлари ҳамда Андижон, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15