Шаҳар бедарвозами? Тошкентнинг бир нечта туманида огоҳлантиришсиз “свет” ўчирилди
Жамият
−
22 Январь 2021
4844Кеча, 21 январь куни тунда Тошкентнинг Яккасарой, Учтепа, Чилонзор ва Олмазор тумани аҳолиси ҳеч бир огоҳлантиришсиз электр энергияси таъминотидан узилиб қолди. Бу ҳолат 3 соатдан ортиқ давом этган.
Икки туманда яшовчи аҳоли вакиллари QALAMPIR.UZ`га қилган мурожаатида электр таъминоти тунги соат 3:30 ларда ўчирилганини билдирди. Мурожаатчилар фикрича, тизимда авария юз берган.
Вазиятга ойдинлик киритиш учун “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ вакили билан боғландик. Компания вакили ҳудудда катта трансформатор алмаштирилаётганини ва тез орада электр таъминоти тикланишини билдирди. Аммо трансформатор авария сабаб янгиланяптими ёки бошқа сабаб биланми айтмади.
Айни вақтда Олмазор ва Учтепада электр энергияси таъминоти тикланган. Чилонзор туманида ҳам бир нечта маҳалладагина ишларни якунлаш қолган. Яккасарой туманида Кичик ҳалқа йўлида жойлашган кўплаб хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари ҳамда турар жойлар эса эрталаб соат тахминан 8:00 дан 11:00 гача электр энергиясисиз қолган.
Айни ҳолатда одамлар норозилигига сабаб бўлаётган бошқа бир жиҳат бор: Нега қишнинг кунида электр таъминотида узилиш бўлиши ҳақида олдиндан огоҳлантирилмади? Кўп қаватли уйларда-ку марказлашган иситиш тизими бўлади, аммо ҳовлиларда аҳвол бошқачароқ. Одамлар уйини иситиши учун айрим ҳолларда электр билан ишловчи насос ҳам улашига тўғри келади. Насос ишламаса, уйлар исимайди. Негаки иссиқ сув айланиши тўхтайди.
Энг ёмони сув айланиши тўхташи билан бошқа жиддийёроқ муаммолар ҳам келиб чиқиши мумкин. Масалан, айланмай қолган сувнинг ҳаддан ташқари қизиб кетиши оқибатида ёрилиш эҳтимоли.
Текширганимизда на ҳокимлик, на “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва на “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” АЖ расмий саҳифаларида икки туманда электр таъминотида узилиш бўлиши ҳақида огоҳлантиришни кўрмадик.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь