Ўзбекистонда 4 мингга яқин ота-онага маъмурий чора кўрилди
Жамият
−
12 Март
5044Ўзбекистондаги мактабларда жорий йилнинг 6-8 февраль кунлари 188 минг ўқувчи сабабсиз дарс қолдирган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров маълум қилди.
Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ҳамкорлигида жорий йилнинг 6-8 февраль кунлари дастлабки ўрганиш ишлари натижасида дарсларга сабабсиз 188 000 ўқувчи келмагани аниқланган.
Билдирилишича, касаллик баҳонаси билан дарсга қатнашмаслик ҳолатлари ҳам ўрганилмоқда. Биргина Қашқадарё вилоятида ўтган ҳафтада касал деб белгиланган ўқувчиларнинг уйларига бориб ўрганилганда, 50 та ҳолатда ўқувчининг касал эмаслиги, аксинча сабабсиз дарсга келмагани аниқланган. Ўқувчиларнинг барчаси дарсларга қайтарилиб, ота-оналарига маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилган. Бу каби ҳолатлар республиканинг барча ҳудудларида қайд этилган.
Шу боис, таълим-тарбия борасидаги мажбуриятларни бажармаган 124 минг нафар ота-оналар расмий огоҳлантирилиб, уларнинг тўрт мингга яқинига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига кўра маъмурий чора кўрилган.
Даврон Жуманазаровнинг айтишича, жорий йилнинг 6 февраль кунидан 7 март кунига қадар янги тизимда амалга оширилган ишлар натижасида 1 млн 769 минг нафар ўқувчи мактабларга қайтарилган. Ҳозирда республика бўйича давомат 97,7 фоизга етган.
Шунингдек, сўнгги ҳафтада республика бўйича 6 та турли ҳолатларда мактабларга бегоналар киришининг олди олинган. Барча ҳолатлар бўйича айбдор шахсларга қонунчиликда белгиланган жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилган.
LiveБарчаси