Самарқандда безори болаларнинг ота-онаси жазоланди (видео)
3-саҳифа
−
25 Март
5079Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида балоғатга етмаган болалар кўчада жанжал чиқариб, қизларни устидан кулиб юргани акс этган видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳолат жорий йилнинг 22 март куни тунги соат 01:00 лар атрофида Самарқанд тумани “Қўштамғали” МФЙда жойлашган Самарқанд туристик маркази ҳудудида содир бўлган. Видеодаги йигитлар ўзларига аввалдан таниш бўлмаган шахслар билан ўзаро тортишиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан турли ахлоққа зид ҳаракатлар содир этган.
Олиб борилган текширувлар давомида ушбу 10 нафар шахснинг 7 нафари вояга етмагани аниқланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар суд органларига юборилган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани суди 3 нафар шахсга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. Вояга етмаганларнинг эса ота-онасига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан баённома расмийлаштириб, улар тегишли тартибда жаримага тортилди.
Шунингдек, мазкур ҳолатни содир этган уч нафар вояга етган фуқаро ва 7 нафар ўсмирнинг ота-онаси ҳамда улар таҳсил олаётган мактаб раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида 23 ёшли фуқаро ва 4 киши йўл талашиши оқибатида жанжал содир бўлганди.
LiveБарчаси