Ўзбекистонда 27 та сайт блокланди
Жамият
−
19 Сентябрь 2023
29425Ўзбекистонда букмекерлик хизматларни тарғиб қилувчи 27 та сайт блокланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Асадулла Қаюмов маълум қилди.
Қаюмовга кўра, ижтимоий тармоқларда эстрада юлдузлари, спортчилар ва блогерлар томонидан пул тикиш ва пул тикиш хизматлари рекламаси юзасидан Ички ишлар органларига 11 та хат юборилган. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлар, ташқи реклама воситаларида жойлаштирилган рекламанинг меъёрий ҳужжатларга мувофиқлиги бўйича жами 24 мингдан ортиқ тадқиқот ўтказилган.
Шундан 8 мингдан ортиқ ҳолатда турли камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Бундан ташқари, сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлардаги 4,5 мингдан ортиқ реклама ўрганилган. Шундан Facebook’да 144 та, Instagram’да 344 та, Тelegram’да 4 108 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Озиқ-овқат қўшимчалари, малҳамлар, балзамлар, дамламалар, шифобахш ва минерал сувлар рекламаси юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб тушган 150 та мурожаат ўрганилган. Улардан 103 та ҳолатда қонунбузарликлар аниқланиб, бартараф этилган.
“ОАВ, интернет ва ижтимоий тармоқларда, ташқи реклама воситаларида жойлаштирилган (тарқатилган) рекламаларни қонунчилик ҳужжатларига мослиги юзасидан жами 24 мингдан ортиқ ўрганишлар ўтказилди. Аниқланган ноқонуний рекламаларнинг 308 таси телевидение, 247 таси радио, 19 мингдан ортиғи ташқи реклама воситалари, 236 таси босма нашрлар ва 4,5 мингдан ортиғи интернет ҳамда ижтимоий тармоқлар ҳиссасига тўғри келади. Ўрганиш (мониторинг)лар натижасида 8 мингдан ортиқ ҳолатда турли камчиликлар аниқланиб, уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган”, дейди Асадулла Қаюмов.
Шу билан бирга, қўмита томонидан масъул идоралар билан биргаликда 9 мингдан ортиқ реклама объектларининг давлат тили қоидаларига мувофиқлиги ўрганилган. Уларнинг 3 мингдан ортиғи (35 фоизи) талабга жавоб бермаган. Мазкур фактлар асосида камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 6 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини амалга ошириш расман тақиқланган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда тотализатор ва букмекерлик фаолиятини реклама қилаётган 10 дан ортиқ сайтга кириш чекланган эди.
LiveБарчаси