Ўзбекистонда 10 дан ортиқ букмекерлик сайтлари блокланди
Жамият
−
29 Сентябрь 2021
16453Ўзбекистонда букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи 10 дан ортиқ ноқонуний сайтларга кириш чекланди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимлари мунтазам равишда интернет тармоқларида жойлаштирилаётган реклама маълумотларининг қонунчилик талабларига мувофиқлигини ўрганиб бормоқда.
“Ўтган давр мобайнида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда 10 дан ортиқ ноқонуний сайтларга кириш чекланди”, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, республикада букмекерлик фаолияти ноқонуний ҳисобланади. Бу турдаги фаолият учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 191-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар) шунингдек, Жиноят кодексининг 278-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш)га биноан жавобгарлик белгиланган.
Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, рекламада ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулот тўғрисидаги ахборотни, жумладан, тотализатор ва букмекерлик идоралари ҳақидаги маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
LiveБарчаси