Ўзбекистонда 2 блогер “ўтириб чиққач”, фаолиятини якунлади
Жамият
−
05 Июнь 2023
15085Бугун, 5 июнь куни Қашқадарёда фаолият юритувчи “Nasafnews.uz” интернет-нашри ўз фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Шунингдек, ушбу нашр раҳбари ҳамда “Капитан Каримов” блоги асосчиси Умид Каримов блог фаолиятини ортиқ юрита олмаслигини маълум қилди.
Биз “Капитан Каримов” ва “Nasafnews.uz” фаолиятини тугатишни режалаштирганмиз. Бунинг сабаблари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимасман. Бизни қўллаб-қувватлаган, ишонч билдирган ҳаммага раҳмат”, дейилади каналда.
Бундан ташқари, яна икки нафар қашқадарёлик блогерлар – Отабек Ортиқов ҳамда “AvtoblogUZ” муаллифи Мақсуд Музаффаров фаолиятини тугатганини маълум қилди.
“Ҳурматли блогим кузатувчилари бугундан бошлаб мен блогерлик фаолиятимни бутунлай якунлашга қарор қилдим, сабаблари аҳамиятсиз, шунчаки барча тармоқлардан кетишни ва оддий ҳамда сокин ҳаёт кечиришни истайман. Мен блогимдан моддий даромад топиб бойиб кетганим йўқ, машҳурликнинг кетидан қувганим ҳам йўқ ва машҳур ҳам эмасман. Шунчаки бу хобби орқали одамларни оз бўлсада, муаммоларини ечишни, қонунга тупурганларни жунини юлишни истаган эдим. Нима топдик, нима йўқотдик – буни билмайман, билганим сизлар билан ўтган вақтимга ачинмайман. 4 йил давомида мен билан бўлган барчага катта раҳмат. Сизларни севаман. Ҳаёт эса давом этаверади...”, дея сўзини якунлаган блогер.
Шунингдек, “AvtoblogUZ” муаллифи Мақсуд Музаффаров ҳам автоблогерлик фаолиятини тугатишга қарор қилганини, ота-онасининг истак-хоҳиши ҳамма нарсадан муҳимлигини қайд этган.
“Мен билан шу вақтгача елкама-елка турган барчага раҳмат”, дея сўзини тугатган Музаффаров.
Шуни таъкидлаш керакки, ушбу воқеалар охирги вақтларда қашқадарёлик блогерлар билан юз бераётган ҳолатларга боғлиқ бўлиши мумкин. Гап шундаки, охирги кунларда Қашқадарёда блогерларнинг қамалиши авж олди.
Қашқадарёлик блогерларнинг қамалиши
Жумладан, “AvtoblogUZ” Telegram-канали асосчиси Мақсуд Музаффаров ҳамда қашқадарёлик яна бир таниқли блогер Умид Каримов (“Капитан Каримов”) Ички ишлар ходимлари билан тортишгани учун қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳолатга нисбатан вилоят Ички ишлар бошқармаси изоҳ бериб, жанжал ростдан юз берганини тасдиқлаган.
Вилоят ИИБнинг иддао қилишича, шу йилнинг 29 май куни Шаҳрисабз шаҳрида ИИБ ЙҲХБ ходимлари 2 та давлат рақамисиз, ойналари тўлиқ қорайтирилган ҳамда рухсатсиз қайта жиҳозланган Gentra автомашиналарига нисбатан ҳужжатларни расмийлаштиришда транспорт воситалари ҳайдовчилари (юқорида исмлари келтирилган блогерлар назарда тутилмоқда) ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан жанжал чиқариб, оммани ўзига қаратган.
Шундан сўнг блогерларнинг ҳар бирига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Ўласи қилиб дўппосланган блогер
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи блогер Элмурод Одиловга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди. Хўш, воқеа қандай бошланганди?
Маълумотларга кўра, ўзини блогер деб таништирган Элмурод Одилов Яккабоғ тумани “Ибн Сино” маҳалласида жойлашган пилла маҳсулотини сақлаш омборхонасига борган.
Вилоят ИИБнинг баёнотига кўра, блогер шу ерда фермерларнинг ишига аралашиб, уларга турли номуносиб савол-жавоблар қилиши оқибатида ўрталарида жанжал келиб чиққан ҳамда ушбу жараёнда блогер фермерларни ҳақорат қилган.
Шундан сўнг пилла етиштирувчи фермерлар Одиловнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан Яккабоғ туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.
Блогерга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ҳамда 198-моддаси 1-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судига юборилган. Унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Қамоқни ўтаётган блогер Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятинининг адвокатига судга қадар Ички ишлар ходимлари томонидан калтакланганини айтиб ўтган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15