Ўзбекистонда 1225 та намуна коронавирус инфекциясига текширилди

Жамият 6685
image

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-епидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2020 йилнинг 25 февраль куни олинган расмий маълумотларга кўра, дунё бўйича 80 147 нафар, Хитой Халқ Республикасида 77 779 нафар шахс коронавирус “COVID-19” инфекцияси билан касалланиб, кунлик ўсиш 517 нафарни (0.7 фоиз) ташкил этмоқда.

Жорий йилнинг 24 февраль куни Тошкент халқаро аэропортига ҳорижий давлатлардан 32 та рейс орқали 4 430 нафар, темир йўллар орқали 3 та поездда жами 603 нафар шахс, шунингдек, давлат чегара божхона постлари орқали 1 815 та автотранспортнинг эгалари ва  31 324 нафар йўловчи шахс термометриядан ўтказилган. Шулардан 35 нафари Хитой Халқ Республикаси фуқароси ҳамда 4 нафари Хитойда бўлиб, қайтаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган.

Таъкидланишича, коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирлари давомида эпидемиологик кўрсатмага асосан жорий йилнинг 25 февралига қадар жами 1 225 та намуна коронавирус инфекциясига текширилган ва коронавирус инфекцияси аниқланмаган.

“Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-епидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби шуни маълум қиладики, жорий йилнинг 25 феврал ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллиги қайд этилмади”, дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси ўртасида коронавирус инфексияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-епидемиологик осойишталик агентлиги томонидан халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирларда мутасадди вазирликлар, идоралар ва кенг жамоатчилик фаол иштирок этмоқда.

Бу касалликни Республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги томонидан назоратга олинган.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 156
Рейтинг: 3
t
×