Ўзбекистонда ҳарбий ва идоравий формага ўхшаш кийим кийганлар жазоланади

Local

image

Энди Ўзбекистонда ҳарбий ва идоравий формага ўхшаш кийим кийганлар жазоланиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 28 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат тузилмалари ходимларининг формали кийим-бошидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.

Қайд этилишича, кейинги йилларда айрим ташкилотлар, идоралар, ҳатто айрим фуқаролар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган формали кийим-бошга адаштириб юбориш даражасида ўхшаш кийим-бошлардан фойдаланиш ёки айрим ташкилотлар томонидан ўз ходимлари учун шундай кийим-бошларни жорий этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса фуқароларни чалғитиши, давлат органлари обрўсига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда айрим шахсларга ўзини давлат органи ходими сифатида кўрсатиб, одамлар ишончини суиистеъмол қилиш имкониятини яратиши мумкин. Оқибатда ҳақиқий давлат хизматчисини бошқа шахсдан ажратиш қийинлашади.

Шу муносабат билан қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат органларининг тасдиқланган ҳарбий ёки идоравий формали кийим-бошига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш ҳамда унга хос фарқловчи белгилар ва (ёки) рамзларга эга формали кийим-бошни жорий этганлик ёки ундан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Билдирилишича, белгиланаётган нормалар, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга, давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлашга, давлат хизмати обрўсини ҳимоя қилишга ҳамда формали кийим-бошлардан ноқонуний ва ғаразли мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсири ва таклиф этилаётган ҳуқуқий механизмлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган. Шунингдек, айрим нормаларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилган.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бу ҳақдаги қонун лойиҳаси Бош прокуратура томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends