Ўзбекистон ва Тожикистон армияси ҳужумни қайтаришга шай бўлиши керак — Шойгу

Олам 24100
image

Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарасини “Толибон” ҳаракати назорат қилмоқда, шу сабабдан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти жангариларнинг эҳтимолий ҳужумига тайёр туриши керак. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу айтиб ўтди.

“Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегара ҳам “Толибон” назоратига олингани биз учун муҳим. Афғонистондан бўладиган гиёҳванд моддалар савдоси, жангариларнинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон орқали мамлакатимизга кириш хавфи камаймайди”, деган Шойгу “Маънолар ҳудуди” ёшлар форумида.

Мудофаа вазири Россия учун унинг КХШТдаги иттифоқчилари бунга тайёр бўлиши муҳим эканини қайд этган ва бу учун барча ишлар қилинаётганини айтиб ўтган.

Шойгунинг сўзларига кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон Қуролли Кучлари “Толибон” ҳаракати қўшни давлатларга ҳужум қилмаслигини айтиб келаётган бўлса-да, эҳтимолий провокацион ҳужумларни қайтаришга шай бўлиши керак.

Аввалроқ, Ўзбекистон, Россия ва Тожикистон тожик-афғон чегараси яқинидаги “Ҳарб майдон” полигонида қўшма ҳарбий машғулот ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 385
Рейтинг: 3
t
×