Ўзбекистон, Россия ва Тожикистон ҳарбийларининг тожик-афғон чегарасидаги машғулотлари якунланди
Жамият
−
10 Август 2021
6054Тарихда илк бор Ўзбекистон, Россия ва Тожикистон ўртасида Афғонистон чегарасида ўтказилган антитеррор ҳарбий машқлари якунланди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси яқинида жойлашган “Харб майдон” ҳарбий полигонида Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг 2,5 минг ҳарбий хизматчиси иштирокидаги қўшма машқлар якунланди.
“Биз Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия Қуролли Кучларининг қўшма машқларини якунлаяпмиз. Биринчи маротаба Сурия Араб Республикаси тажрибаси асосида авиация, разведка-ёнғин мажмуалари, шунингдек, қўнимгоҳларда бир-биридан фарқ қилувчи гуруҳлашдан фойдаланиб ўқув машқлар ўтказилди”, дейди Россиянинг Марказий ҳарбий округи қўмондони, полковник Александр Лапин.
Унинг таъкидлашича, машғулотлар Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашуви ва Марказий Осиё минтақасининг чегара мамлакатларига радикал террорчи гуруҳларнинг кириб келиши хавфи фонида ўтказилган.
“Ишончим комилки, келажакдаги биргаликда ўтказилган машғулотлар ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлайди, мамлакатларимизни ҳарбий тажовуздан ҳимоя қилади”, дея қўшимча қилди Лапин.
Тожикистон Мудофаа вазири генерал-полковник Шерали Мирзонинг сўзларига кўра, бундай антитеррор машқлар уч давлат тарихидаги илк ҳарбий ҳамкорлик ҳисобланади.
“Сўнгги бир неча йил ичида Яқин Шарқ мамлакатлари ҳудудидаги кескинлик Афғонистонга кўчган. Шунингдек, сўнгги йилларда рўй бераётган жараёнлар таҳлили шуни кўрсатадики, минтақамиздаги вазият Афғонистоннинг сиёсий вазиятига боғлиқ”, дейди у.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари генерал-майори Шуҳрат Холмуҳамедов ҳам Афғонистондаги вазиятдан ташвишда эканини билдирди.
“Вазият биздан доимо ҳушёр бўлишни ва жанговар тайёргарликни талаб қилади”, дея таъкидлаган у.
Маълумот ўрнида, жами уч мамлакатдан машғулотларга 2,5 минг ҳарбий хизматчилар жалб қилинган, шундан 1,8 минг Россия ҳарбийлари. Шунингдек Россиядан 500 га яқин қурол ва ҳарбий техника келтирилган. Машғулотларда Россия Қуролли Кучларининг 201-ҳарбий база бўлинмаси иштирок этган.
Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь