Энди ўзбекистонликлар Швецияга ишга бориши мумкин

Жамият

image

Бугун, 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Швеция қироллиги ҳукумати ўртасида миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ журналисти хабар берди. 

Қайд этилишича, мазкур битим Ўзбекистон фуқароларига Швецияда расмий тарзда ишлаш, ўқиш ва яшаш имконини берувчи давлат томонидан кафолатланган ягона ҳуқуқий механизм ҳисобланади. Мазкур ҳужжат меҳнат мобиллиги, академик ҳамкорлик, ноқонуний миграцияга қарши кураш ва қайтариш тартибларини комплекс тарзда тартибга солади.

Хусусан, ушбу ҳужжат орқали Ўзбекистон фуқаролари Швеция меҳнат бозорида қонуний асосда иш топиши мумкин бўлади. Жумладан, ўзбекистонликлар тиббиёт, техника, хизмат кўрсатиш ва парваришлаш каби энг кўп талаб этиладиган соҳаларда Швецияга ишлаш учун бориши мумкин. Бундан ташқари, Швеция меҳнат бозори моделлари, маъмурий тартиб-таомиллар ва кириш шартлари бўйича кенг қамровли маълумот алмашинуви йўлга қўйилади. Рақамли платформалар ва мақсадли ахборот кампаниялари орқали ўзбек номзодлари швед иш берувчилар билан боғланиш имкониятига эга бўлади.

Шу билан бирга, битим Швецияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқларини алоҳида кафолатлайди: 

  • меҳнат шароитлари ва иш ҳақи Швеция қонунчилиги асосида таъминланади; 
  • касаллик, ҳомиладорлик ва бошқа ҳолатлар учун ижтимоий таъминот қоидалари белгиланади; 
  • ишчининг оила аъзолари ҳуқуқ ва манфаатлари давлатлараро даражада ҳимоя қилинади.

Бундан ташқари, ҳужжат Ўзбекистондан Швецияга ўқишга борувчи талабалар, докторантлар ва ёш тадқиқотчилар учун алоҳида қулайликлар яратади. Швеция давлат дастурдари орқали стипендия ва академик алмашув дастурларига мурожаат қилиш рағбатлантирилади. Касбий таълим ва ўқитиш соҳасида ҳамкорлик кенгайтирилади, жумладан, тармоққа хос швед тили ўқитилади ҳамда меҳнат хавфсизлиги ва соғлиқни сақлаш модуллари татбиқ этилади.

Қайд этилишича, икки томон турли виза тоифаларини бериш ва бўлиш муддатини соддалаштириш бўйича ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга келишган. Алоҳида битим асосида дипломатик паспорт эгалари учун 30 кунлик муддатга визасиз кириш тартиби белгиланган.

Шунингдек, битим нафақат ишлаш ва ўқиш имкониятларини очади, балки ноқонуний миграция, одам савдоси ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга қарши курашда ҳамкорликни ҳам белгилаб беради. Агар Ўзбекистон ёки Швеция фуқароси бошқа давлат ҳудудида ноқонуний тарзда яшаётганлиги аниқланса, у ўз юртига қайтарилади. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида Президент Шавкат Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказиб, Япония, Швеция, Норвегия, Болгария, Австрия, Хорватия, Словения, Сербия, Греция ва Ўмон билан миграцияга оид ҳукуматлараро ва идоралараро битимларни имзолаш муҳимлигини айтган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Швеция миграция миграция битими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг