Ўзбекистон ва Саудия ўртасида виза тартиби соддалаштирилиши мумкин
Local
−
22:20 399 3 minutes
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида виза тартиби соддалаштирилиши мумкин. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Ўзбекистон – Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, “ACWA Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян билан учрашиб, туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш масалаларини муҳокама қилган.
Учрашувда жорий йил июнь ойида туризм соҳасида имзоланган Ҳаракатлар режасини амалга ошириш, Саудия Арабистони инвесторларини туризм инфратузилмаси лойиҳаларига жалб этиш, туризм ҳудудларининг бош режаларини ишлаб чиқиш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
Саудия Арабистони бозорида Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, рақамли PR кампанияларини ўтказиш, маҳаллий сайёҳлар учун мос турпакетлар яратиш, туризм компаниялари ҳамкорлигини кучайтириш ҳамда виза тартибларини соддалаштириш юзасидан фикр алмашилган.
Бундан ташқари, икки мамлакатдаги йирик туризм, маданият ва кўнгилочар тадбирлар тақвимини алмашиш ҳамда Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида илк бор ташкил этиладиган Халқаро туризм инвестиция форумига Саудия Арабистони инвесторларини таклиф этиш муҳимлиги қайд этилган.
Учрашув якунида истиқболли лойиҳалар бўйича музокараларни давом эттириш, белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлар алмашинувини кенгайтиришга қаратилган амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинган.
Маълумот учун, Ўзбекистон фуқаролари учун Саудия Арабистонига тўлиқ визасиз режим мавжуд эмас, бироқ сайёҳлик ва зиёрат мақсадларида виза олиш тартиби соддалаштирилган. Хусусан, Ўзбекистон фуқаролари Саудия Арабистонига туризм, саёҳат ва Умра зиёратини амалга ошириш учун электрон визани (Visit Saudi расмий портали орқали) онлайн тарзда осон расмийлаштириши мумкин.
Электрон виза 1 йил муддатга берилади ва кўп марталик (мульти) кириш ҳуқуқини тақдим этади. Мамлакат ҳудудида бир йил давомида жами 90 кунгача бўлишга рухсат этилади. Бу виза тури билан Умра зиёратини бажариш ва мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш мумкин. Бироқ у расмий ишлаш, доимий яшаш ва муқаддас Ҳаж зиёратини амалга ошириш ҳуқуқини бермайди (Ҳаж учун алоҳида махсус виза ва квота талаб этилади).
Саудия Арабистонининг миллий авиакомпаниялари (Saudia, Flynas) хизматидан фойдаланиб, бошқа мамлакатларга учаётган ўзбекистонлик йўловчилар учун 96 соатгача (4 кун) амал қилувчи бепул транзит визаси тақдим этилади. Бу вақт ичида Умра амалларини бажариш ва Мадина ҳамда Макка шаҳарларига ташриф буюриш имконияти мавжуд.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги фуқаролари учун Ўзбекистонга киришда 30 кунлик визасиз режим амал қилади. Саудияликлар Ўзбекистон ҳудудига киришда ҳеч қандай олдиндан виза расмийлаштирмасдан, фақат амалдаги хорижга чиқиш (амал қилиш муддати тугамаган) паспорти билан 30 кунгача эркин бўлишлари ва саёҳат қилишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Миср Араб Республикасига кириши бўйича янгиланган тартиб жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, энди Ўзбекистон фуқаролари Мисрга сафар қилишдан олдин кириш визасини Мисрнинг дипломатик ваколатхоналари орқали олдиндан олишлари шарт.
Live
All