Ўзбекистон ва Хитой Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди

Жамият

image
0:00
0:00
download
Эрон Афғонистон билан чегарага ҳарбий техника юбормоқда — ОАВ north_east

Эрон Афғонистон билан чегарага ҳарбий техника юбормоқда — ОАВ

Дунё нигоҳи Афғонистонда. Ҳудудларни жангсиз олаётган “Толибон”нинг ғалабаси муқаррарми? north_east

Дунё нигоҳи Афғонистонда. Ҳудудларни жангсиз олаётган “Толибон”нинг ғалабаси муқаррарми?

Кеча, 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Aфғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сзян Ян билан учрашув ўтказди.

Томонлар Aфғонистондаги вазиятнинг ривожланиши бўйича фикр алмашиб, мамлакатда тинчлик жараёнига ўзаро кўмаклашиш масалаларини кўриб чиқдилар.

Тинчлик ва барқарорликни икки томонлама асосда, шунингдек, халқаро ташкилотлар, хусусан, ШҲТ-Aфғонистон мулоқот гуруҳи доирасида қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Биродар афғон халқига ҳар томонлама иқтисодий ва гуманитар ёрдамни давом эттириш, шунингдек, Aфғонистонда доимий  тинчликни ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатларда минтақа мамлакатларининг улкан роли қайд этилди.

Фаоллашиб қолган “Толибон”

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон Ўзбекистон-Хитой

Баҳолаганлар

156

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг