Ўзбекистон ва Қирғизистон ер алмашади

Олам 57767
image

Жорий йилнинг март ойи биринчи декадасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида чегара бўйича музокаралар қайтадан бошланади. Бу ҳақда “AKIpress” нашри Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Камчибек Тошиевга таяниб, хабар берди.

Тошиев ўтган йил декабрь ойида Қирғизистонга Ўзбекистондан 20 кишилик делегация келганини эслатиб ўтган.

“Охирги протокол тунги соат 3:00 да имзоланди. Улар қаршилик кўрсатди, биз ҳам қаршилик кўрсатдик. Натижада тунги соат 3:00 да протокол имзоланди. Музокаралар шундай давом этади, тортишувлар бўлиб ўтади, баъзан жуда қизғин. Натижада, биз бир тўхтамга келдик”, деган Тошиев.

Унга кўра, протоколга мувофиқ Ала-Букдаги (Қирғзистоннинг Жалолобод вилояти тумани) участкалар Ўзбекистон ўтади ва Қирғизистон бунинг эвазига Сузоқдаги ҳудудларни олади.

Камчибек Тошиев мамлакат Тожикистон билан ҳам чегара бўйича музокараларни бошлашини айтиб ўтди.

МХДҚ раҳбарига кўра, Қирғизистон давлат чегарасини мустаҳкамлайди. Хусусан, Чегара хизмати ўтган йили МХДҚ бошқарувига берилганди.

Бундан ташқари, Тошиев чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро делегация раҳбари ҳисобланади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 3741
Рейтинг: 3
t
×