Ўзбекистон вакциналар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди – Президент қарори
Жамият
−
25 Ноябрь 2020
8896Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, ушбу соҳаларда фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини таъминлаш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани илғор биотехнологиялар асосида ривожлантириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
• 2020-2024 йилларда биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;
• Биотехнологиялар соҳасида 2020-2024 йилларда бажариладиган устувор илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю.Абдурахмонов) Фанлар академияси (Б.С.Юлдашев), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.У.Маджидов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев) ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда 2021-2024 йилларда биотехнологиялар соҳасида илмий-тадқиқот ва инновация ишларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичларини Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши томонидан тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Биологик хавфсизлик кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш) ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
• мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини ташкил қилиш;
• хавфли биологик омиллар таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хавф-хатарларнинг олдини олиш, биологик хавфларни мониторинг қилиш тизимини яратиш ва ривожлантиришга қаратилган тавсиялар ва таклифларни тайёрлаш, эксперт баҳолаш ҳамда кўриб чиқиш;
• мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирларни амалда рўёбга чиқариш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
• вазирлик, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакат биологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича мақсадли вазифаларни бажаришдаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
• Бактериологик (биологик) ва токсик қурол-яроғларни ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва тўплашни ман этиш ҳамда уларни тугатиш тўғрисидаги Конвенция қоидаларининг амалга оширилишини таъминлаш;
• муҳим давлат аҳамиятига эга бўлган ҳамда мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш давомида юзага келадиган долзарб масалалар ҳамда муаммоларни, шу жумладан, омма ўртасида муҳокама қилиш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
• Кенгаш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги маслаҳат органи ҳисобланади ва мамлакатнинг биологик хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда давлат органлари, илмий, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилади;
• Кенгаш ўз фаолиятини мажлислар шаклида юритади. Кенгаш мажлислари заруратга кўра, лекин ҳар ярим йилда камида бир марта ўтказилади.
5. Қуйидагилар:
• Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Биологик хавфсизлик кенгашининг таркиби 3-иловага мувофиқ;
• Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Биологик хавфсизлик кенгаши тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтининг (кейинги ўринларда – Институт) республикада фармацевтика биотехнологиялари ва вакцина-зардоб ишини ривожлантириш, маҳаллий иммунобиологик препаратларни яратишга йўналтирилган фаолияти қўллаб-қувватлансин ва унинг ушбу йўналишдаги асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
• иммунобиологик препаратлар (вакциналар, зардоблар, тест-диагностикумлар ва бошқалар) бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш;
• мамлакатнинг биологик хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни илмий-техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш;
• вакцина-зардоб иши бўйича инфекция касалликларига қарши профилактика, диагностика, дори воситалари ва препаратларини яратиш, уларнинг ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш;
• илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида биотехнология, иммунология ва микробиология соҳасидаги илмий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш.
7. Қуйидагилар:
• Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтининг фаолиятини такомиллаштириш дастури 5-иловага мувофиқ;
• Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтининг тузилмаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Институт фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:
а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев):
• икки ой муддатда Институтнинг илмий-тадқиқот ишлари дастури
• ва 2025 йилгача мақсадли кўрсаткичларни Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши томонидан тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
• Инновацион ривожланиш вазирлиги (Ш.У.Турдиқулова), Фанлар академияси (Б.С.Юлдашев) билан биргаликда Институтни 2021 йил 1 апрелга қадар юқори малакали илмий ходим ва мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўрсин;
• Институт фаолиятини йўлга қўйиш самарадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июль ва 2022 йил 1 январда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин;
б) Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) (С.Х.Кариев) Институтни замонавий лаборатория ускуналари ва жиҳозлари, оргтехника, компьютер ҳамда бошқа моддий-техник воситалар билан таъминлаш чораларини кўрсин;
в) Давлат активларини бошқариш агентлиги (С.Х.Бекенов), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.А.Артикходжаев), Агентлик (С.Х.Кариев), Фанлар академияси (Б.С.Юлдашев) ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги (Ш.У.Турдиқулова) икки ой муддатда Институтни бино ва иншоотлар билан таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
г) Вазирлар Маҳкамаси (Б.А.Мусаев, О.М.Умаров) Институт фаолиятининг самарали йўлга қўйилишини мувофиқлаштирсин.
9. Белгилансинки:
• 2021 йил 1 январдан бошлаб Институт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш бўйича харажатларни молиялаштириш, шунингдек, жорий харажатларини қоплаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
• Институт ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади;
• Агентлик ишлаб чиқариш заруриятидан келиб чиқиб, Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига ёки аутсорсинг ҳамда давлат-хусусий шериклик механизмларини қўллаш орқали Институтнинг тажриба-ишлаб чиқариш бўлинмаларини (штат бирликларини) тўлдириш ҳуқуқига эга.
10. Агентлик, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида:
• “Вакциналар ишлаб чиқариш майдончасини ишга тушириш” лойиҳасини (кейинги ўринларда – лойиҳа) амалга ошириш;
• Институт ҳузурида хавфсизлик даражаси бўйича “BSL-3” халқаро стандартига мос келувчи тажриба-синов лабораториясини (кейинги ўринларда – “BSL-3” лабораторияси) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки:
• Агентлик лойиҳа самарали амалга оширилиши ҳамда “BSL-3” лабораторияси ташкил этилиши учун масъул бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади;
• лойиҳани амалга ошириш ва “BSL-3” лабораториясини ташкил этишни умумий мувофиқлаштириш Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Агентлик (С.Х.Кариев) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.А.Вафаев) билан биргаликда икки ой муддатда лойиҳани амалга ошириш ва “BSL-3” лабораториясини ташкил этиш концепцияси ва техник-иқтисодий асослари етакчи лойиҳа институтлари ва инжиниринг компанияларини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилишини, шунингдек, уларни молиялаштириш манбаларининг аниқлаштирилишини таъминласин.
11. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
• Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
• Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ўтказиладиган танловлар натижаларига кўра ажратиладиган маблағлар;
• Институт фаолиятига мос йўналишлар бўйича хўжалик шартномаларини бажариш асосида олинган маблағлар;
• юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
• халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
• қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
12. Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академиясининг:
• Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида (кейинги ўринларда – Илғор технологиялар маркази) Копенгаген университети (Дания) билан ҳамкорликда замонавий фудомикс лабораториясини, “ҳужайра технологиялари” илмий лабораториясини ҳамда биотехнология, биология, биотиббиёт, кимё соҳаларида яратиладиган катта ҳажмли маълумотларни таҳлил қилиш бўйича “Big Data” миллий лабораториясини;
• Фанлар академиясининг Микробиология институтида “фитовирусология” илмий лабораториясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Ушбу биотехнологик лабораторияларни ташкил этишни молиялаштириш манбалари этиб Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, илмий фаолиятга оид давлат дастурларига ажратилган маблағлар, халқаро молия институтлари, ташкилотлари ва донор-мамлакатларнинг кредит ва грантлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.
Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю. Абдурахмонов) 2021 йил якунига қадар ушбу биотехнологик лабораторияларнинг ишга туширилишини таъминласин.
13. Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю.Абдурахмонов) 2021-2022 йилларда илмий фаолиятга оид давлат дастурларига ажратилган маблағлар ҳисобидан қуйидагиларни молиялаштириш учун Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 20 миллиард сўмгача маблағлар ажратсин:
• биотехнологиялар соҳасида “стартап” лойиҳаларини амалга ошириш;
• 50 фоизгача биргаликда молиялаштириш шарти билан тажриба-саноат биотехнологик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва ривожлантириш;
• биотехнологияларни ривожлантириш учун илмий ва лаборатория ускуналарини харид қилиш;
• соҳага замонавий технология, инновацион ғоя ва ишланмаларни жорий қилиш;
• ёш мутахассисларни хорижда илмий стажировкадан ўтказиш, хорижий мутахассис ва маслаҳатчиларни жалб қилиш.
14. 2020 йил 1 декабрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
а) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
• биотехнологиялар соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинадиган тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам киради) миқдорда, бироқ 8 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда кафиллик берилади;
• кредит суммаси 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган биотехнологиялар соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинадиган тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидаги миқдорларда компенсация берилади:
• миллий валютадаги кредитлар бўйича – Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ортиқ, бироқ 5 фоизли пунктдан ошмаган миқдорда;
• хорижий валютадаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 30 фоизи, бироқ 4 фоизли пунктдан ошмаган миқдорда;
б) биотехнологиялар соҳасида илмий тадқиқотлар ва инновацион фаолиятни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасига 3 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган тўғридан-тўғри инвестиция киритган хорижий илмий ташкилотларга Давлат бюджетидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун 10 миллиард сўмгача мақсадли грантлар тақдим этилади.
Бунда:
• илмий фаолиятга оид давлат дастурлари учун мақсадли грантлар киритилган инвестиция маблағлари тўлиқ ўзлаштирилганидан сўнг тақдим этилади;
• Давлат бюджети маблағлари ҳисобига илмий фаолият субъектлари томонидан олинган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ давлатнинг илмий ва олий таълим, шунингдек, бошқа давлат муассасалари номидан, агар интеллектуал мулк объектлари муаллифлари билан тузилган шартномаларда бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, давлатга тегишли бўлади.
15. Шундай амалиёт жорий этилсинки, унга кўра:
• Илғор технологиялар маркази ҳар йили 1 декабрга қадар Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашига биотехнологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хўжалик юритувчи субъектлар томонидан олиб кириладиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган хомашё, реактивлар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминотлар учун ундириладиган божхона божларини камайтириш бўйича асослантирилган таклифлар киритиб боради;
• Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши (С.У.Умурзаков) тақдим этилган таклифларга асосан божхона божларини камайтириш масалаларини кўриб чиқиб, белгиланган тартибда тегишли қарор қабул қилади.
16. Ўзбекистон Республикаси Биологик хилма-хиллик ҳақидаги Конвенциянинг биохавфсизлик бўйича Картахен протоколига (Монреаль, 2000 йил 29 январь) қўшилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Картахен протоколи қоидаларини амалга ошириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги (Ш.У.Турдиқулова) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда таркибида генетик модификацияланган организмлар, пестицидлар, озиқ-овқат қўшимчалари ва бўёқлар мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалашни босқичма-босқич жорий этиш бўйича, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
• Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудларда жойлашган лабораторияларини аккредитациядан ўтказиш;
• Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий ташкилотлар, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси қошидаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУКда ўз маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, ўсимликшунослик учун хомашё, омухта ва экиш материаллари таркибида генетик модификацияланган организмларнинг мавжудлигини аниқлаш учун лабораторияларни (реал эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда) ташкил этиш.
17. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
• Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенция ва бошқа тегишли халқаро стандартларга мувофиқ рухсат берилган пестицидлар, заҳарли кимёвий моддалар рўйхатини ва минерал ўғитлардан фойдаланиш нормаларини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин;
• биотехнологик маҳсулотлар истеъмоли ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалигида кимёвий ўғитлар, пестицидлар ва бошқа заҳарли кимёвий моддалардан фойдаланишдан биопрепаратларга босқичма-босқич ўтиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 мартдан бошлаб пестицидлар, гербицидлар ва бошқа заҳарли кимёвий моддаларни ишлаб чиқарадиган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирадиган хўжалик юритувчи субъектлар ушбу моддаларнинг стандарт намуналари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши фойдаланиш учун рухсат этилган кимёвий ва биологик ҳимоя воситалари, дефолиантлар ҳамда ўсимликлар ўсишини бошқарувчи воситалар рўйхатига киритилишини ва ушбу стандарт намуналари билан бирга сотилишини таъминлайди.
18. Кенгаш (А.Н.Арипов) бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин:
• биологик хавфларни мониторинг қилиш бўйича мустақил тизимни яратиш;
• биологик хавфсизликни таъминлашнинг миллий тизими доирасида автоматлаштирилган ахборот-таҳлилий ва прогноз-моделлаштириш комплексини яратиш;
• объектлар, ҳудудлар ва табиий ҳодисаларнинг биологик хавф-хатар даражасини аниқлаш ва тоифалаш бўйича ягона мезонлар ва услубий базани ишлаб чиқиш.
19. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев) масъул вазирлик
ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар ушбу қарор қоидаларини инобатга олиб, қуйидаги ҳуқуқий механизмларни назарда тутган ҳолда “Ўзбекистон Республикаси биологик хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишини якунига етказсин:
• ген-муҳандислик фаолияти хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, генетик модификацияланган организмлар хавфини баҳолашнинг миллий тизимини яратиш ва унинг фаолият юритиши;
• вужудга келган биологик хавф-хатарлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган мақсадли ишланмаларни тезкор молиялаштириш.
20. Кенгаш (А.Н.Арипов) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов билан биргаликда бир ҳафта муддатда ушбу қарорда белгиланган вазифалар ва тадбирларнинг самарали ижросини таъминлаш юзасидан 2021 йил учун чора-тадбирлар режасини тасдиқласин ва ижросини ташкил этсин, келгусида ҳар йилнинг 1 декабрига қадар кейинги йил учун худди шундай чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, амалга оширилишини таъминласин.
21. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А.Ходжаев) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.К.Кучимов) ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Д.Хаджаев) билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида ушбу қарор моҳияти ва аҳамияти бўйича чиқишлар ва тематик телекўрсатувлар ташкил этсин.
22. Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю.Абдурахмонов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.К.Юсупалиев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
23. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга шахсий жавобгар этиб инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахмонов ва соғлиқни сақлаш вазири А.М.Хаджибаев белгилансин.
Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2020 йил 25 ноябрь
LiveБарчаси