Ўзбекистон украиналик болаларга ўқув қуролларини совға қилди

Жамият

image

Ўзбекистон янги ўқув йилидан мактабга чиқадиган украиналик болаларга 2000 та “биринчи синф ўқувчиси тўплами”ни совға қилди. Бу ҳақда Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди. 

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 5 июндан 17 июнгача икки ҳафта давомида урушдан жабр кўрган украиналик оилаларнинг 97 нафар боласи учун таътил ташкил этилган.

“Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан амалга оширилган ушбу таъсирли ташаббус халқларимиз ўртасидаги чуқур дўстлик ва бирдамликнинг ёрқин далилидир. Биз айниқса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига бенуқсон мувофиқлаштириш учун, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясига ҳар томонлама ёрдам учун ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қизиқарли ва мазмунли дастур учун миннатдорлигимизни билдирамиз.

Шунингдек, саховатли гуманитар юк – бўлажак мактаб ўқувчиларимиз учун ажойиб совға бўладиган 2000 та “биринчи синф ўқувчиси тўплами” учун алоҳида ташаккур. Бундай ёрдам Украина учун бебаҳо бўлиб, қўллаб-қувватлашга муҳтож болаларга умид ва табассумлар ҳадя этади. Биз сизнинг инсонпарварлигингиз ва очиқлигингизни чуқур қадрлаймиз! Биргаликда биз мустаҳкам келажак қурамиз!” дейилади элчихона хабарида. 

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда ҳам Украинадан дам олиш ва реабилитация учун 45 нафардан иборат болалар гуруҳи Ўзбекистонга олиб келинганди. Ўшанда Украина элчихонаси томонидан илгари сурилган мазкур ташаббус ўзбекистонлик бизнес вакиллари ва жамоат ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланган. Болалар 12 кун мобайнида “Анор” болалар оромгоҳида дам олган. Улар Польшанинг Катовице шаҳри орқали Ўзбекистонга келтирилган. Ўша йили ҳам украиналик болаларга Ўзбекистон жамоат ташкилотлари ва ишбилармонлари номидан инсонпарварлик ёрдами юборилди. Инсонпарварлик ёрдами пакетидан эркаклар, аёллар ва болалар учун футболкалар, шунингдек, 2000 та биринчи синф тўплами – мактаб сумкаси, дафтар, расм дафтари, рангли қоғоз, пластилин, ручка, елим, қалам, рангли қалам, акварел ва қалам қутиси жой олган. Гуманитар юкни Украина-Ўзбекистон дўстлиги халқаро жамияти раҳбари Любомир Башинский қабул қилиб олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Украина болалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг