Ўзбекистон Туркия билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиради

Жамият

image

Бугун, 27 октябрь куни Туркия Республикаси Мудофаа вазири генерал Хулуси Акар бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Меҳмонларни Тошкент халқаро аэропортида Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов кутиб олди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Мудофаа вазирлигида фахрий қоровул иштирокида меҳмонларни расмий кутиб олиш тадбири бўлиб ўтди. Ҳарбий оркестр томонидан икки давлат мадҳияси ижро этилди.

Шундан сўнг, Туркия ҳарбий делегацияси шарафига Мудофаа вазирлигида қабул уюштирилиб, музокаралар давом эттирилди. Музокаралар давомида Баҳодир Қурбонов ва Хулуси Акар Ўзбекистон ҳамда Туркия давлатларини бир-бири билан чамбарчарс боғлаб турувчи жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтишди.

Музокара давомида Мудофаа вазирлари давлат раҳбарларининг Ўзбекистонга ва Туркияга амалий ташрифлари давомида эришилган натижаларга, шунингдек ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, истиқболига ҳам алоҳида эътибор қаратишди.

Музокаралардан сўнг икки давлат Мудофаа вазирлиги раҳбарлари Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимни имзоладилар.

Учрашув якунида Баҳодир Қурбонов ва Хулуси Акар икки давлат маданиятини акс эттирувчи эсдалик совғаларини топширдилар.

Маълумот учун, Хулуси Акар Ўзбекистонга ташрифи давомида Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди. Туркия миллий мудофаа вазири ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.

Аввалроқ, Туркия Мудофаа вазири Хулуси Акар Қозоғистонга боргани ҳақида хабар берган эдик. У Нур-Султонда қозоқ ҳамкасби Нурлан Ермекбаев билан учрашиб, ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Туркия

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг