Сенат Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муҳим ҳужжатни маъқуллади
Жамият
−
28 Декабрь 2022
9108Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни (Тошкент, 2022 йил 29 март) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуни маъқуллади.
Қайд этилишича, мазкур халқаро битимни ратификация қилиш ҳақидаги Қонун Ўзбекистон ва Туркия фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташ учун ҳуқуқий асос ва имконият яратади.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга кўра маҳкумлар қонунда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ келишаётган томонларнинг мурожаатлари асосида берилади.
Муҳокама чоғида сенаторлар маҳкумларнинг жазони ўз юртида ва жамиятида ўташи уларга яқинлари билан мунтазам кўришиб туриш имконини беришини, бу эса оилавий муносабатларга ижобий таъсир кўрсатишини, шунингдек, маҳкумларнинг жамият ижтимоий ҳаётига мослашишига ёрдам беришини алоҳида таъкидлади.
Сенатда таъкидланишича, Қонун қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш имконини беради, республиканинг халқаро майдондаги ижобий нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу Битим 2022 йил 30 март куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи доирасида имзоланган эди.
LiveБарчаси