Ўзбекистон ТИВ Россиядаги фуқароларга мурожаат билан чиқди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқаролари, шу жумладан, Россиянинг Украинага яқин ҳудудларида жойлашган олий ўқув юртлари талабаларига мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди. 

Хабарда таъкидланишича, хавотирланишга сабаб ва асослар йўқ. Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси ҳамда Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси Россиянинг тегишли вазирлик ва идоралари билан яқин ва доимий алоқада бўлиб турибди.

Айтилишича, Ўзбекистон фуқаролари учун бирон бир хавф-хатар юзага келганда, тезкор равишда тегишли чоралар кўрилади.

Вазирлик зарур ҳолларда фуқаролар қуйидаги алоқа рақамларига мурожаат қилишлари мумкинлигини таъкидлаган:

Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги элчихонаси: +7 499 230-00-76, +7 499 230-00-32; 

Ростов-Дондаги Бош консулхона: +7 988 586-59-82, +7 918 554-04-76, +7 988 586-70-35, +7 988 586-59-82.

Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ортидан мурожаат билан чиқиб, дипломатик идора томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилаётганини маълум  қилди. Шунингдек, элчихона Украинада таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишни ўз Ватанларида масофавий шаклда давом эттириш имкониятларини кўриб чиқишни тавсия қилди.

“Uzbekistan Airways” АЖ эса Украина ҳаво ҳудуди йўловчи ҳаво кемалари қатновлари учун ёпилиши муносабати билан Киевга парвозларни бекор қилди.
 

 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

613

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made