Ўзбекистон ТИВ Хитой ва Бразилиядаги ҳалокатли сув тошқинлари юзасидан ҳамдардлик йўллади
Жамият
−
03 Май
3533Ўзбекистон ТИВ Хитой ва Бразилияда ўнлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган сув тошқинлари юзасидан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидовнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълумот берилди.
"Хитой ва Бразилияда ўнлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган кучли ёғингарчиликларнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақидаги хабарларни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Ўзбекистон ТИВ номидан қурбон бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз ва барча жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз”, деб ёзган вазир.
Маълумот учун, Бразилияда 29 апрель куни бошланган кучли ёмғирлар оқибатида 29 киши ҳалок бўлиб, 60 киши бедарак йўқолган. Мамлакат жанубидаги Риу-Гранди-ду-Сул штатида 150 дан ортиқ шаҳар табиий офатдан зарар кўрган, 10 минг киши уй-жойсиз қолган. 500 мингдан ортиқ хонадон сув таъминотидан, 300 мингдан ортиқ уй эса электрдан узилган.
Хитойда эса йирик сув тошқинлари апрель ойининг учинчи ўн кунлигида рўй берган. Мамлакат жанубида жойлашган Гуандун провинциясида кучли ёғингарчиликлар сабаб расмийлар мамлакатнинг энг зич жойлашган ҳудудидаги 110 минг аҳолини эвакуация қилишга мажбур бўлган. Тошқиннинг жами зарари 140 миллион юандан (19 миллион АҚШ доллари) ошиб кетган.