Таиландда сув тошқинлари оқибатида 40 киши ҳалок бўлди
Олам
−
13:02 111 2 дақиқа
Таиландда давом этаётган сув тошқинлари оқибатида 40 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Bangkok Post” хабар берди.
Қайд этилишича, энг катта зарар мамлакатнинг марказий қисмида кузатилган. Бу ҳудудда 2 208 квадрат километр, шарқда 284 квадрат километр, шимоли-шарқда 236 квадрат километр ва ғарбий ҳудудларда 8 квадрат километр ер сув остида қолган. Таиланд Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, тошқинлар оқибатида 40 киши ҳалок бўлган, яна бир қатор фуқаролар жабрланган.
Бангкокда сув тошқинларига қарши курашиш учун кўчма сув насослари ўрнатилган. Улар Банг Капи туманидаги Кеҳа Клонг Чан турар жой мажмуасида сув сатҳини қарийб 30 сантиметрга пасайтиришга ёрдам берган.
Шунингдек, пойтахтнинг 15 туманидаги 748 та аҳоли яшаш ҳудуди ҳанузгача сув остида қолмоқда. Расмийлар аҳолига сув босган айрим йўллардан фойдаланмасликни тавсия қилган.
Таиланднинг ғарбий қисмидаги Канчанабури вилоятида жойлашган Сринагариндра ва Важиралонгкорн сув омборларидан сув чиқариш ишлари уч кунлик танаффусдан сўнг қайта бошланган. Бу жараён Маэ Клонг дарёсидаги сув сатҳини Канчанабури, Ратчабури ва Самут Сонгкхрам провинцияларида 80 сантиметрга ошириши кутилмоқда.
Шарқдаги Прачин Бури провинциясида ҳам сув тошқинлари давом этмоқда. Ҳукумат вакилига кўра, ҳудуддаги сув сатҳи чоршанба куни энг юқори даражага етиши, кейинчалик Накҳон Наёк ва Чачоэнгсао провинцияларига таъсир қилиши мумкин.
Сув тошқинлари оқибатида шарқий ҳудудларда 52 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатилмоқда. Прачин Бури ва Районг провинцияларидаги учта шифохона қисман ёпилган бўлса-да, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда.
Маълумотларга кўра, оғир аҳволдаги беморларни Прачин Буридаги Чао Пҳя Абҳаибҳубежҳр шифохонасидан яқин тиббиёт муассасаларига кўчириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланд пойтахти Бангкокда кучли ёмғир сабаб кўчаларни белгача етадиган сув босгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиТўқаев Путинни атоқли давлат арбоби деб атади
29 Сентябрь
Тошкентдаги овқатланиш шохобчасида ёнғин чиқди
29 Сентябрь