Бангкокдаги нефть заводи портлаб, ёниб кетди (видео)
Олам
−
568 2 дақиқа
Таиланд пойтахти Бангкокдаги йирик нефть заводида портлаш ва ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида камида 9 киши жароҳатланди, яқин атрофда яшовчи аҳоли вақтинча эвакуация қилинди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Маълум қилинишича, портлаш бугун, 26 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида содир бўлган. Жароҳатланганларнинг аксарияти куйиш жароҳатларини олган, уч нафарининг аҳволи оғир. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ҳодиса жойидан осмонга қуюқ қора тутун кўтарилганини кўриш мумкин.
Воқеа ҳақида хабар берилгач, шаҳар маъмурияти аҳолига ҳудудни тарк этишни ва портлаш содир бўлган жойга яқинлашмасликни тавсия қилган. Бир соатга етмай ёнғин ўчирилган. Кейинчалик яқин атрофдаги аҳолига уйларига қайтишга рухсат берилган. Бироқ заводдан 5 километр радиусда яшовчиларга ҳаво ифлосланиши эҳтимоли сабаб эҳтиёт бўлиш тавсия этилган.
Завод эгаси бўлган Bangchak Corporation ёнғин содир бўлганини тасдиқлаган ва унинг сабаби ҳозирда ўрганилаётганини билдирган. Шунингдек, корхонадаги барча ишлаб чиқариш жараёнлари вақтинча тўхтатилган.
Таиланд Энергетика вазири Аканат Промпханнинг маълум қилишича, ёнғин нефть сақлаш иншоотидан тахминан 100 метр узоқликдаги қайта ишлаш ускуналаридан бирида бошланган бўлиши мумкин. Вазир нефть сақлаш иншоотлари хавфсизлиги тўлиқ тасдиқланмагунча завод фаолияти тикланмаслигини айтган.
Қайд этилишича, заводнинг кунлик нефть қайта ишлаш қуввати 120 минг баррелни ташкил этади. У Таиланддаги бешинчи йирик нефть заводи бўлиб, мамлакат пойтахтида жойлашган ягона шундай корхона ҳисобланади. Вазир мамлакатда яна бешта нефть заводи мавжудлиги сабабли ушбу ҳодиса нефть таъминотига таъсир қилмаслигини билдирган.
Маълумот учун, мазкур заводда 2012 йилнинг июль ойида ҳам портлаш ва ёнғин содир бўлган. Ўшанда яқин атрофдаги турар жойларга зарар етган, корхонани таъмирлаш ишлари эса икки ҳафта давом этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлари Саудия Арабистонидаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи – Рас-Танурага ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси