Чилини сув босди: 10 киши ҳалок бўлди, минглаб уйлар вайронага айланди
Олам
−
22 июл 1803 2 дақиқа
Чилида бир ҳафта давом этган кучли ёмғирлар оқибатида юзага келган сув тошқинларида камида 10 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатнинг одатда қуруқ ҳисобланган шимолидаги Атакама ва Кокимбо ҳудудларида кучли ёғингарчилик ҳамда шамол кузатилмоқда. Президент Хосе Антонио Каст ҳукумати ушбу ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилган.
Маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида 16 киши тан жароҳати олган, 4 мингдан ортиқ фуқаро хавфсиз ҳудудларга кўчирилган. Улардан 1031 нафари вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилган. Минглаб аҳоли электр энергияси ва ичимлик сувисиз қолган. Шунингдек, кучли ёмғирлар 81 та уйни бутунлай вайрон қилган, 20 мингдан ортиқ турар жой эса зарар кўрган.
Чили Миллий табиий офатларга жавоб бериш хизмати (“Senapred”) мамлакатнинг 16 ҳудудидан 10 тасида юзлаб эвакуация огоҳлантиришларини эълон қилган. Дарёларнинг тошиши ва сув босган йўллар 104 мингдан ортиқ аҳолининг ҳаётига салбий таъсир кўрсатган.
“Senapred” раҳбари Алисия Себрианнинг айтишича, ёғингарчилик камайган тақдирда ҳам тоғ олди ҳудудларида тўпланган сув сабаб дарёлар сатҳи яна бир неча соат давомида кўтарилиши мумкин. Метеорологлар табиий офатни Тинч океанида сув ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ Эл-Ниньо иқлим ҳодисаси қайтгани билан изоҳламоқда.
Мутахассисларга кўра, ушбу ҳодиса Жанубий Американинг жанубий қисмида кучли ёғингарчилик ва бошқа экстремал об-ҳаво ҳодисаларини юзага келтиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистоннинг шарқидаги Нуристон вилоятида юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлган эди ҳамда 100 нафардан ортиқ одам бедарак йўқолганди.
Live
Барчаси