Ўзбекистон тенгдир Ўзбекистонга! Тошқулов интернетда ватанга қарши танқидларни қоралади
Жамият
−
29 Март 2023
201332022 йил охири, 2023 йил бошидан Ўзбекистон бўйлаб маъмурий ислоҳотлар амалга оширилиши эълон қилинган эди. Айрим вазирликлар бирлаштирилди, қўмиталар қисқартирилди ва агентликларнинг айримлари тугатилди. Мазкур мавзуни эса QALAMPIR.UZ имкон қадар ёритиб боришга ҳаракат қилди. Аммо шу йилнинг 5 январь куни сайтимизда ҳуқуқшунос Ҳамид Содиқ билан эълон қилинган “30 та вазирликни 15 тага қисқартириш – бу ислоҳот эмас” номли интервью юзасидан Адлия вазирлиги расмий муносабат бериб, экспертни етарли даражада мутахассис эмаслигини иддао қилган эди.
“Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, бундай масалада у ёки бу фикр, баҳони беришда зарур билим, малака ва тажрибага эга бўлиш, чуқур таҳлилга асосланиш мақсадга мувофиқ. Чунки, маъмурий ислоҳотдек ўта профессионал масалани енгил-елпи ёндашувлар, ўзининг ҳиссиёт ва қарашлари орқали баён этиш, айниқса ОАВ орқали тарқатиш масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас”, дейилган муносабатда.
Кеча, 28 март куни Адлия взирлигида бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида QALAMPIR.UZ мана шу мавзуни кўтариб, вазирлик томонидан бундай муносабат берилиши кўп фикрлиликка тоқатсизлик ёки цензурага мисол бўлиши ё йўқлиги ҳақида сўради.
“Цензура деб бу сизнинг маълум материалингизнинг эълон қилинишига тўсқинликка айтилади. Бу вазиятда эса сизнинг фикрингизга қарши фикр билдирилди. Бу нормал ҳолат. Лекин ҳақиқатдан ҳам маъмурий ислоҳотларга жуда катта тайёргарлик бўлган эди. Биз икки йил давомида ҳамма давлат органларининг 5000 га яқин функцияларини ўрганиб чиқдик. Ўша идорада қайси структура керак, қайсиниси керак эмас, қайси структура ортиқча, қандай тўсиқлар борлигининг ҳаммаси ўрганилиб, таҳлил қилингандан кейин маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди. Маъмурий ислоҳотлар бўйича [гапиришга] майли, ҳамманинг ҳаққи бор, бунга ҳеч қандай қаршилик йўқ”, дейди Адлия вазири.
Вазир интервьюлар юзасидан билдирилган муносабатни журналистларга нисбатан цензура сифатида билмаслигини маълум қилди.
“Сизлар ҳамма идорани бемалол танқид қиляпсизлар, шундай экан давлат идораси ҳам ўз фикрини айтса, уни танқид ёки уни цензура дейишимиз қанчалик тўғри? Ходимлар меҳнат қилган: ҳар битта идоранинг функционал вазифасини ўрганиб чиққан. Ўша вазифалар юзасидан бир-бирини такрорлайдиганларни бирлаштирайлик, дейилган. Тўлмаганини тўлдирайлик, дейилган. Бу, аслида, охирги йиллардаги энг катта ислоҳот бўлди. Вазирликларнинг кўпайиб кетаётганини сиз журналистлар кўп кўтардингиз. Биз эса шу бўйича фикримизни айтдик”, дея такрорлади Тошқулов.
Шунингдек, у журналислардан узр сўраб, гапларни оғир олмасликка чақириб, дўстона табассум қилди.
“Буни жуда қаттиқ танқидий деб кўрманг, чунки барибир оптималлашиш керак. Ҳаракат қилса 10 нафар одам қиладиган ишни 5 киши ҳам қила олади. Бунда рақамлаштириш, электрон тизимга ўтиш, жараёнларни содалаштириш орқали ўша кераксиз меҳанизмларни олиб ташлаш ёрдам беради. Шу нуқтайи назардан биз ўз фикримизни билдирдик. Агар оғир ботган бўлса, узр сўраймиз”, дейди вазир.
У сўзида давом этиб, журналистлар фаолиятидаги айрим жиҳатларни танқид остига олди. Унинг айтишича, маълум бир шахс жиноят содир этадиган бўлса, бу судда ўз тасдиғини топмагунига қадар унинг шахси, исм-фамилияси, сурати оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши қонунан мумкин эмас, ҳатто, амалдорларнинг ҳам.
“Билмасдан баъзан фалончи одам бундай бўлди, пистончи одам ундай бўлди, деб ёзаверамиз. Олдинлари жиноий жавобгарликка тортилган шахснинг фамилияси ҳам ёзилмас эди. Исмлари эса ўзгартирилар эди. Ҳозир унақа бўлмаяпти, расмларини қўйиб юборишяпти. Унинг оиласи, ота-онаси бор, буни ҳеч ким ўйлагани йўқ. Шундай одамларни биз биламиз, “мен жиноий жавобгар бўлсам ҳам майли, лекин элга шарманда бўлмай, ҳамма нарсани бўйнимга оламан, лекин халққа шарманда бўлмай”, дейди. Биз унинг фарзандини, ота-онасини, жамиятдаги обрўйини ўйламасак, нима бўлади? Бизда сазойи қилиш жазоси йўқ. У эски замонларда қолиб кетган”, деб таъкидлади Адлия вазири.
Журналист эса унга яна савол билан юзланаркан, “биз одатда давлат бюджетидан пул ўғирланган, ўзлаштирилган ҳолатдагина, мансабдорга жиноий иш очилган бўлса, шундай вазиятларда унинг исм-фамилиясини очиқлаймиз. Халқ ўзининг пулини ўмараётганларини таниши керак эмасми?” деб сўради.
“Суднинг ҳукмисиз ҳеч кимни жиноятни содир этди, деб айта олмайди. Айбсизлик презумпцияси Конституциямизда кўрсатилган. У ўз айби учун жазо олади. Агар жазо олмаса, жазо бермаган ташкилотни муҳокама қилинг. Аммо у одамга сиз жазо берманг. Бунга жуда эҳтиёт бўлиш керак. Вилоятларга борганда кўрганмиз, жуда оғир оқибатларга олиб келган ҳолатларни. Кимнидир шарманда қилса, бунга чидай олмасдан фарзандлари билан ҳар хил ҳолат бўлиши мумкин. Шунинг учун эҳтиёт бўлиш керак”, дейди Тошқулов.
Бундан ташқари, вазир ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонни танқид қилаётганлар бўйича ҳам ўзининг вазир эмас, фуқаро ўлароқ муносабатини билдириб ўтди.
“Бу менинг вазир эмас, фуқаро сифатидаги фикрим. Ижтимоий тармоқлар нима қилсанг, фақат шуни қоралайдиган жойга айланиб қолди. Ўзбекистон фақат ёмон деяверса... Аслида бу нотўғри. Қолаверса, фикримча, Ўзбекистон бу ҳаммамизнинг ватанимиз. Майли, мансабдорни танқид қилиш мумкиндир, лекин ватанни танқид қилишдан сал тийилиш керак. Бу менинг фуқаро сифатидаги таклифим. Бошқа давлатларни кўрсангиз, ватанини ҳеч қачон ёмонламайди. Ўзбекистонда эса охирги пайтларда шуни тренд қилиб юбордик. Ўзимизни ўзимиз ёмонлайверсак, қаёққа борамиз?” дея ўз фикрини якунлади фуқаро Акбар Тошқулов.
LiveБарчаси