Адлия вазирлиги ССВни огоҳлантирди
Жамият
−
14 Октябрь
6905Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир қатор дори воситаларини интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя қилмаган ҳолда давлат рўйхатига олгани аниқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 2023 йилда 21 та ҳолатда, 2024 йилнинг ўтган даврида 16 та ҳолатда дори воситалари интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя қилмаган ҳолда давлат рўйхатига олингани аниқланган.
Жумладан, истеъмолчиларга яхши таниш бўлган “Magne B6”, “Imudon”, “Смекта”, “Дуспаталин”, “Элевит” каби товар белгилари остида ишлаб чиқариладиган дори воситаларининг контрафакт нусхалари “Magne B6”, “Nest Imudon”, “Smecta”, “Grand Imudon”, “Мер дуспатаним”, “Элемалвит” кўринишида турли фармацевтика корхоналари номига интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя қилмаган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигига огоҳнома киритилиб, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни давлат рўйхатдан ўтказилишида қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш лозимлиги, бундай ҳолатлар такроран содир этилганда қонунчиликда белгиланган жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилган.
“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунга асосан дори воситаларини, тиббий буюмларни ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади ҳамда қалбакилаштирилган ва Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини ишлаб чиқариш тақиқланади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида Россияда ишлаб чиқарилган соданинг қадоғидан кўчирма қилган корхонага нисбатан таъсир чораси кўрилган эди.
LiveБарчаси