Google компанияси бўлиниб кетиши мумкин
Олам
−
09 Октябрь
5666Кеча, 8 октябрь куни АҚШ Адлия вазирлиги Alphabet – Google компаниясининг эгасидан суд орқали компаниянинг айрим қисмларини, масалан, Chrome браузери ва Android операцион тизимини сотишни талаб қилиши мумкинлигини маълум қилди. Улар бу қисмлар ноқонуний монополияни сақлаб қолиш учун ишлатилмоқда, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, август ойида АҚШ суди АҚШ интернет қидирувларининг 90 фоизи билан шуғулланадиган Google ноқонуний монополия яратиш ва дунёнинг стандарт қидирув тизимига айланиш учун миллиардлаб доллар сарфлаб, монополияга қарши қонунларни бузганини аниқлаган.
Прокурорларнинг маълум қилишича, таклиф қилинаётган чоралар Google'нинг сунъий интеллект соҳасидаги тез ривожланаётган бизнесда ўзининг олдинги ҳукмронлигини давом эттиришининг олдини олишга қаратилган.
Шунингдек, Адлия вазирлиги суддан Google қидирув тизимини олдиндан ўрнатиш ёки янги қурилмаларда стандарт қидирув тизими сифатида ўрнатиш учун тўлов амалга оширишни тақиқлашни сўраши мумкин.
Нашрга кўра, Google ушбу қарорга апелляция беришни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, компания бу сўровларни радикал деб атаган ҳамда уларнинг ишда аниқ ҳуқуқий масалалардан анча четга чиқаётганини билдирган.
Маълум бўлишича, вазирликнинг янада батафсил сўровлари 20 ноябргача судга тақдим этилиши кутилмоқда. Google эса 20 декабргача вазиятни тузатиш бўйича ўз чоралари ҳақида илтимоснома киритиш имкониятига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа суди Google монополияга қарши қонунларни бузгани, Аpple компанияси эса Европа Иттифоқига 13 миллиард евро (14,3 миллиард доллар) солиқларни қайтариши кераклиги ҳақида қарор чиқарган эди.
LiveБарчаси