Россиядаги сўнгги мустақил қоғоз газета “хорижий агент” деб эълон қилинди
Олам
−
14 Сентябрь
3791Россия Адлия вазирлиги “Собеседник-Медиа” МЧЖнинг мамлакатдаги сўнгги мустақил қоғоз газетаси “Собеседник”ни “хорижий агентлар” реестрига киритди. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Вазирлик ўз қарорини газета гўёки Россия Федерацияси давлат ҳокимияти органларининг ҳаракатлари ва уларнинг сиёсати тўғрисида ёлғон маълумотлар, шунингдек, Россия Федерацияси Қуролли кучлари ҳақида салбий имиж яратишга қаратилган материалларни тарқатганлиги билан изоҳлаган. “Собеседник”нинг айблари қаторида муҳаррирнинг урушга қарши позицияси ва газетанинг “хорижий агентлар” материалларини кенг оммага тарқатишдаги иштироки ҳам санаб ўтилган.
Қайд этилишича, “Собеседник”дан ташқари, “хорижий агентлар” рўйхатига Семилукский округи халқ депутатлари кенгашининг собиқ депутати Нина Беляева, “Яблоко” партияси Тула бўлими раиси Владимир Дорохов, мусиқачи Михаил Ежов ва бошқа бир қатор шахслар ҳамда Telegram-каналлар ҳам киритилган.
Маълумот учун, “Собеседник” 1984 йилдан бери мавжуд бўлган Россиянинг ҳафталик ижтимоий-сиёсий газетаси ҳисобланади. Нашр Владимир Путин ҳокимиятини танқид қилиш ва мухолифат вакилларини қўллаб-қувватлаши билан машҳур. Хусусан, мухолифатчи Алексей Навальний вафотидан кейин газета унинг суратини “...Лекин умид бор” деган сарлавҳа билан чоп этган. Россиядаги асосий федерал оммавий ахборот воситаларининг аксарияти эса Навальнийнинг ўлими ҳақидаги хабарларни эътиборсиз қолдирган.
LiveБарчаси