Ўзбекистон паралимпиадачилари яна 3 та медалга сазовор бўлди

Спорт

image

Францияда ўтказилаётган 2024 йилги Париж ёзги Паралимпиада ўйинлари қизғин баҳслар билан давом этмоқда. Ўйинларнинг таэквондо тури бўйича яна икки нафар ўзбекистонлик спортчи ва бир нафар енгил атлетикачи Ўзбекистон делегацияси ҳисобига медалларни қўшиб қўйди.

Пара таэквондонинг К44 классида -80 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик Асадбек Тоштемиров Паралимпиада ўйинлари ғолибига айланди. Тоштемиров чемпионлик жангида мексикалик Луис Нахерага ҳеч қандай имкон қолдирмади.

Пара енгил атлетика бўйича F57 классининг найза улоқтириш баҳсларида яна бир Ўзбекистон спортчиси Ёрқинбек Одилов олтин медалга сазовор бўлди. Токио-2020 ёзги Паралимпиада ўйинларини 4-ўринда якунлаган Одилов Парижда 50.32 метр натижа кўрсатишга эришди.

Пара таэквондочи Гулжаной Наимова Паралимпиада ўйинларидаги иккинчи медалини қўлга киритди. К44 классида +65 кг вазн тоифасида қатнашган Наимова британиялик Эми Трюсдейлга қарши чемпионлик жангида жароҳат сабаб баҳсни якунлай олмади ва кумуш медаль билан чекланди.

Бу Гулжаной Наимова учун Паралимпиада ўйинларидаги иккинчи медаль бўлди. Токио-2020 ёзги Паралимпиада ўйинларида у олтин медалга эга чиққан эди.

Шу тариқа Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 11 тага етди: 5 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик яна икки таэквондочи Паралимпиада финалига чиққани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Паралимпиада Ёрқинбек Одилов Пара таэквондо Гулжаной Наимова Асадбек Тоштемиров найза улоқтириш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made