Ўзбекистон Олимпия жамоаси вакили япониялик қизни зўрлагани айтилмоқда. МОҚ баёнот билан чиқди
Спорт
−
19 Июль 2021
18132Ижтимоий тармоқларда Токиода бўлиб турган Ўзбекистон Олимпия жамоаси вакилининг япониялик қизга жинсий тажовуз қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) мазкур хабарга расмий муносабатини билдирди.
Унда айтилишича, бўлиб ўтган воқеликка Ўзбекистон Олимпия жамоасининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. “Japantimes.co.jp” нашри берган маълумотга кўра, ҳолат Токио шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароси Д.Р. билан содир бўлган. “Kyodo news” эса Д.Р. ва у қизнинг биргаликда Токиодаги “Олимпия” стадионида кўнгилли ходим бўлиб ишлагани ҳақида ёзмоқда.
“Ҳозир МОҚ Тезкор штабининг 5 нафар вакили Токиодаги Олимпия шаҳарчасида бўлиб турибди. Уларнинг вазифаси асосий делегация келгунига қадар ташкилий масалаларни ҳал этиб туришдир. Ташкилий қўмитанинг талабларига кўра, Олимпия шаҳарчасидаги шахсларнинг ҳудуддан чиқиб кетиши мумкин эмас ва у жой кучли назорат остида.
Шундай экан, юқоридаги воқеликка Ўзбекистон Олимпия делегациясининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу ўринда юртимизнинг барча ОАВ, блогер ва журналистларидан бу каби асоссиз мақолаларга ишонмасликларини сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.
Шунингдек, бугун, 19 июль куни XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этувчи Ўзбекистон делегациясининг асосий қисми чартер рейс орқали Японияга жўнаб кетади. Миллий Олимпия қўмитаси ю барча Оммавий ахборот воситаларини спортчилар ва уларнинг Олимпия ўйинларидаги иштирокини ўзбек халқига етказиб беришга, мусобақани кенг қамровда ёритишга чорламоқда. Ўз навбатида, МОҚ матбуот хизмати бу борада барча маълумотларни тақдим этиб бориши эслатиб ўтилди.
Аввалроқ, Япония полицияси Олимпия ўйинларининг очилиш ва ёпилиши маросими ўтказиладиган Токио Миллий стадиони ҳудудида аёл кишини зўрлашда гумонланаётган 30 ёшли Ўзбекистон фуқаросини ҳибсга олгани ва ҳибсга олинган шахс стадионда ОАВ ходимларини озиқ-овқат билан таъминлайдиган фирма томонидан ёлланган талаба бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси