Ўзбекистон нега Афғонистонга электр энергиясини сотяпти?

Жамият 15331
image

Аввалроқ, Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажмини оширгани ҳақида хабар берган эдик. Ички истеъмолчилар бир кунда бир неча марта тармоқдан узилиб қолаётган бир шароитда қўшни давлатга электр экспорт қилиниши ҳақли норозиликларга сабаб бўлди.

Шу сабабдан Энергетика вазирлиги Ўзбекстон ва Афғонистон ўртасида электр энергия етказиб бериш бўйича тузилган келишув ҳақида маълумот берди.

Билдирилишича, Афғонистонда тинч ҳаётни ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон ва Афғон Ислом Республикаси ўртасида электр энергиясини етказиб бериш юзасидан ҳукуматлараро келишув имзоланган.

Унга кўра томонларнинг мажбуриятлари аниқ белгиланган бўлиб, ушбу келишувга асосан йиллик 2 миллиард 200 миллион киловатт соат электр энергиясини етказиб бериш кўзда тутилган.

Мазкур келишув доирасида етказиб берилаётган электр энергияси ички бозорга салбий таъсир кўрсатмаслигини таъминлаш мақсадида, қўшни давлатлар энерготизимларидан ҳам қўшимча импорт қилиниб, Афғонистонга унинг бир қисми экспорт қилинмоқда.

Таъкидланишича, Марказий Осиё мамлакатларининг ягона энерготизими Афғонистон энерготизими билан фақатгина Ўзбекистон орқали боғланган, яъни ягона энерготизим мамлакатларида ишлаб чиқарилган электр энергияси фақатгина Ўзбекистон орқали экспорт қилиниши мумкин.

“Ушбу мавзулар юзасидан турли интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлардаги музокаралар айрим холларда нотўғри рақамлар ва фактларга асосланган бўлиб, хақиқий холатни акс эттирмаяпти”, дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонни электр энергия билан таъминлашга масъул бўлган Da Afghanistan Breshna Sherkat компанияси Ўзбекистон энергия импорти 400 мегаваттга етказилганини маълум қилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 752
Рейтинг: 3
t
×