“Ўзбекистон” меҳмонхонасини оладиган мард йўқ! Нарх пасайтирилди
Жамият
−
09 Август 2019
14728Жорий йилнинг февраль ойида пойтахт Тошкентдаги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан сотувга қўйилгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу меҳмонхона ҳамон сотилмаган.
Унинг бошланғич баҳоси 33 миллион АҚШ доллари этиб белгиланган эди. Бугунгача сотилмаган меҳмонхонанинг нархи 10 %га туширилди. Айни вақтда нарх 29,7 млн АҚШ долларини ташкил этмоқда.
“Оtel O`zbekiston” МЧЖ қўшма корхонаси устав капиталидаги давлат улуши ер ва унда жойлашган инфратузилма объектлари ҳамда “Ўзбекистон” меҳмонхона комплекси биносидан 99 йил давомида фойдаланиш (тасарруф этиш ҳуқуқисиз) ҳуқуқи шаклида шакллантирилган.
Инвестиция мажбуриятларига кўра, мажмуани сотиб олган инвесторга икки йил ичида 100 миллиард сўм миқдорида сармоя киритиши, 10 йил давомида асосий фаолият тури яъни меҳмонхона хизмати кўрсатишни сақлаб қолган ҳолда ташқи фасадини ўзгартирмасдан меҳмонхонани таъмирлаши ва бошқарувга энг илғор менежерларни жалб қилиши талаб этилади.
Тошкент шаҳрининг қоқ марказида жойлашган ушбу мажмуанинг умумий ер майдони 17.482 м2 ни ташкил этади. Бино 17 қаватдан иборат бўлиб, жами 315 та хонаси мавжуд. Улар 83 та бир кишилик (стандарт), 60 та 1 кишилик (яхшиланган), 59 та ярим люкс стандартдаги (иккита ётоқли), 105 та икки кишига мўлжалланган (twin) ҳамда 7 та люкс шунингдек 1 та (грандлюкс) хоналаридир.
Меҳмонхона мажмуасида 2 та 330 кв метр кенгликдаги анжуманлар зали ҳамда 2 та 2 020 кв.м кенгликдаги 550 ўринга мўлжалланган банкет заллари мавжуд. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида минибар, ресторан, савдо ва валюта айирбошлаш шаҳобчалари, спорт хонаси, сауна, бассейн, автотураргоҳ, бепул интернет хизматлари туну-кун фаолият кўрсатади.
Меҳмонхона мажмуаси метронинг ёнгинасида жойлашган бўлиб, халқаро аэропортгача 10 км, Шимолий вокзалгача 7 км масофадир.
Мазкур мажмуа 2017 йилда 7 миллиард 100 миллион сўм, 2018 йилда 6 миллиард 300 миллион сўм соф даромад кўрган.
Танлов савдоларида иштирок этиш учун талабгор мазкур давлат улуши бошланғич нархининг камида 15 фоизи миқдоридаги маблағларини пул ўтказиш йўли билан қуйидаги ҳисоб рақамига закалатга қўйиши шарт.
Танлов таклифлари солинган конвертнинг биринчи нусҳалари очилиши 2019 йил 30 август соат 15:00 да Давлат активларини бошқариш агентлиги биносида бўлиб ўтади.
Маълумот ўрнида, ушбу меҳмонхона бир неча йиллар давомида тошкентлик таниқли тадбиркор, мамлакатнинг бадавлат шахсларидан бири – “Ботир алюминий” номи билан танилган Ботир Раҳимовга тегишли бўлган.
У бундан уч йил аввал россиялик таниқли ўзбек миллиардери Алишер Усмоновнинг собиқ келини – марҳум жияни Бобур Усмоновнинг беваси Диёра Усмоновага уйланган эди. Шундан сўнг мамлакатни тарк этган Ботир Раҳимов турмуш ўртоғи билан Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшаб келмоқда. Бу орада унга тегишли бўлиб келган "Ўзбекистон" меҳмонхонаси ҳам сотувга қўйилган.
Куни кеча унга тегишли бўлган “KapitalBank"нинг 36 фоиз акцияси Ойбек Турсунов ва Исмоил Муродов таъсисчиси ҳисобланган "Promadik Invest" компаниясига сотилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь