Ўзбекистон Марказий Осиё олимларини “келишиб олиш учун” Тошкентга чорлаяпти
Таҳлил
−
28 Январь
14553Абу Али Ибн Сино тожикми ёки ўзбек? Бир неча кундан бери мана шу савол Ўзбекистон ва Марказий Осиёда катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бунга дунёнинг машҳур ахборот платформаларидан бири – CNN’да чоп қилинган бир қатор алломалар ҳақидаги туркум мақолалар сабаб бўлди. Гап шундаки, мақолаларда Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний ва Абу Али Ибн Сино каби олимлар ўзбек деб аталган. Тожикистон Маданият вазири Матлубахон Сатториён эса бунга эътироз билдириб, Абу Али Ибн Сино ўзбек деб нотўғри талқин қилинганини айтди.
“Бу қўшни давлатнинг расмий позицияси эмас, аксинча, нотўғри бўлиши мумкин бўлган асоссиз баёнотлар”, деган вазир матбуот анжуманида.
Матлубахон Сатториён Абу Али Ибн Сино буюк олим ва маданият арбоби экани, унинг мероси халқаро аҳамиятга молик ва, албатта, бир миллатга эмас, балки бутун инсониятга тегишли эканини алоҳида таъкидлаган.
“Унинг илмий ҳиссаси ва фалсафий асарлари халқаро миқёсда эътироф этилган бўлиб, кўп асрлар давомида тожик ва жаҳон илм-фанининг муҳим қисми бўлиб келган”, дея қўшимча қилди у.
Сатториён, шунингдек, тожик олимлари ва тадқиқотчилари миллатнинг маданий ва илмий меросини ўзлаштиришга уринаётганларга илмий асосланган жавоб бера олишига ишонч билдирган. Вазир тарихий шахсларга холис ёндашиш муҳимлигини таъкидлаб, халқаро оммавий ахборот воситаларини тарихий фактларга оид материалларни синчиклаб текшириш зарурлиги ҳақида огоҳлантирди.
QALAMPIR.UZ олимларнинг мазкур мавзудаги фикрлари билан қизиқиб, Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти билан боғланди. Маълум қилинишича, тарих фанлари доктори, академик Азамат Зиё директор ўлароқ институт позициясини эълон қилган ва сиёсатчилардан олимлар ишларига аралашмасликни сўраган.
“Ҳурматли сиёсатчиларимиз, илтимос, биз – олимлар ишига аралашманглар. Тарих фани бизнинг ишимиз, сўнгги сўзни олимлар айтишлари керак. Шунда ҳам чуқур, бирламчи манбаларга асосланган, холис ва илмий изланишлар орқали”, деган у.
Шунингдек, унинг фикрича, Марказий Осиё тарихчилари ўртасида ўзаро алоқа ва бирдамлик етишмаяпти. Шу сабабли ҳам Азамат Зиё Марказий Осиё олимларини “келишиб олиш учун” Тошкентга чорламоқда.
“Биз тарихчилар ҳалигача йиғилиб, гаплашиш у ёқда турсин, бир-биримизни билмаймиз ҳам. Фурсатдан фойдаланиб, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистонда тарих, археология, шарқшунослик йўналишларида фаолият юритаётган илмий муассасалар директорларини Тошкентга чорлайман. Аввало ўзаро танишиб олайлик, илмий фаолиятларимиздаги ютуқ ва камчиликларимиздан сўйлайлик. Ўшанда мақсадимиз ва олдимиздаги вазифалар бир экани ва бирлашиб ишлашимиз шартлиги, миллий масаладан-да долзарброқ мавзулар борлиги ойдинлашади”, дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти директори.
Шунингдек, академик Азамат Зиё ўзининг 40 йилдан буён манбашунос сифатида Турон, ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихини ўрганиб келаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, темурийлар даврида Турон ва Эрон аҳли “турк ва тожик”дан иборат бўлгани ҳақида манбалар мавжуд, аммо кўплаб мутафаккирларнинг айнан қайси миллатдан экани ҳақида маълумотлар йўқ.
“Умуман айтганда эса Абдураҳмон Жомий тожик, Абу Наср Форобий қозоқ, Маҳмуд Қошғарий қирғиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоий ўзбек деб ёзилган биронта ёзма манба йўқ! Ибн Синонинг ҳам миллати ҳақида бирорта гувоҳлик йўқ. Агар уларнинг ёзган асарлари тилидан келиб чиқилса, улар араб бўлишлари керак. Интернетнинг қулоғини бурасак, чиндан ҳам Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Замахшарий ва яна бошқа юзлаб мутафаккирларни араб олими, араб маданияти вакили, ислом олими, мусулмон олими деб ёзишмоқда. Бунга нима дейишимиз керак? Ҳар ҳолда эндиги 22 та араб давлатига даъво билан чиқмасак керак”, деган олим.
Бундан ташқари, академик Азамат Зиё ҳиссиётга берилмай, бирлашишни ва Марказий Осиёни майдалаб ютишларига йўл қўймасликдан ҳамма манфаатдорлигини эслатиб, халқларни шу йўлдан бошлаш кераклигини таъкидлаган.
Ибн Сино – Марказий Осиё фарзанди
Тожикистон Маданият вазири Сатториённинг матбуот анжуманида сўзлаган норози оҳангдаги нутқи бир неча ўзбекистонлик жамоат фаолларини ҳам муҳокамага ундади. Улардан бири “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов муносабат билдириб, Абу Али Ибн Сино каби улуғ шахсларнинг мероси бутун минтақа ва бутун дунёга тегишли эканини таъкидлади.
“Бугун биз “бу сеники” ёки “бу меники” деб эмас, асосий эътиборимизни минтақамизнинг келажаги учун муҳим бўлган реал ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммоларга қаратишимиз керак”, деб ёзади Бекмуродов.
Шунингдек, депутат Марказий Осиё давлатлари иқлим ўзгариши, иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги ва хавфсизлик каби жиддий муаммолар билан юзлашаётганини эслатиб, уларни ҳал этиш учун ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, биргаликда ривожланиш устида бош қотириш зарурлигини қўшимча қилган.
“Биз ўзаро ҳурмат, ишонч ва умумий фаровонликка интилиш йўлига содиқмиз”, дейди Бобур Бекмуродов.
Шундан сўнг, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳам ўз фикрини билдирди. Бу ҳақда журналист ўзининг Facebook саҳифасида ёзди. У Марказий Осиё давлатлари энди ҳақиқатдан ҳам бирлашаётган тарихий бир пайтда, ўзаро чегаралар очилиб, барча соҳаларда мукаммал ҳамкорлик ривожланаётганда барча ўз айтаётганини етти ўлчаб бир кесиб гапириши кераклигини ёзган. Қудратхўжа IХ-Х асрларда минтақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ёки Қирғизистон деб тавсифланиш бўлмаганини айтган.
“Ўша замонлардаги илм-фан ва маърифатнинг юксалиши, ренессанс даврининг чўққига чиқишининг бош омилларидан бири минтақамиздаги бир жуғрофий ҳудуд қамровидаги яратилган эркин муҳитдир. Абу Али Ибн Сино машҳур табиб, файласуф, математик ва олим, Бухоро ёнида туғилган. Унинг туғилган жойи ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳудудига тўғри келади. Шу сабабли, Ибн Сино Марказий Осиё фарзанди ҳисобланади. Ибн Синонинг миллати тўғрисидаги савол қанчалик ўринсиз бўлса-да, сизга шуни маълум қилмоқчиманки, бундай ёндашув икки томонлама муносабатларга, албатта, салбий таъсир қилмай қолмайди ва шубҳасиз, учинчи тараф бундай ҳолларда ўзининг ғаразли мақсадларида фойдаланади. Биз бугун катта минтақада яшар эканмиз, илм-фан, адабиёт, маърифат соҳасида чўққига чиққан улуғ олимларни сеники, меники демасдан бир заминда яшаган боболаримизнинг муносиб фарзандлари бўлишимиз керак”, дея ёзган у.
Шунингдек, таъкидлаш керакки, асрлар олдин яшаган мутафаккирларнинг қайси миллатга мансуб экани мазкур миллатга ҳеч қандай имтиёз бермайди. Уларнинг билимлари, қолдирган илмий мерослари ва кашфиётларидан инсоният ҳаётини яхшилаш ва енгиллаштириш йўлида фойдаланиш манфаатлироқ бўлади. Қолаверса, академик Азамат Зиё айтганидек, сиёсатчилар тарихни тарихчиларга қўйиб бериши ва ўз ишларини бажариши лозим. Ахир Марказий Осиё халқлари қаршисида интеграциялашувдек муҳим ва эътиборталаб масалалар мавжуд. 30 йилдан ошиқ вақт мобайнида муҳокама қилиб келинаётган мавзу – интеграциялашувга иқтисодий, ташқи геосиёсий босим, ҳарбий-сиёсий, ҳудудий муаммолар каби омиллар ва этник-ижтимоий бўлиниш тўғоноқ бўлиб келмоқда. Қолаверса, азалки, бир дарёдан сув ичиб келаётган халқларнинг биридан бошқасининг устун бўлганига урғу бериш – халқларни ажратишга қаратилган ҳаракат демакдир.
Маълумот учун, Абу Али Ибн Сино 980 йил 18 июнда Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида туғилган ва 1037 йилнинг 16 августида Ҳамадон (Эрондаги шаҳар)да вафот этган. У таваллуд топган ҳудуд айни пайтда Бухоро вилоятининг Пешку туманига тўғри келади. Ибн Синонинг отаси Абдуллоҳ эса Балх шаҳридан бўлиб, бу шаҳар ҳозирги Афғонистон еридир.
Иқбол Эргашова
LiveБарчаси